Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириқлари амалда: талабалар турар жойларида муаммо бўлмайди
21:19 / 2023-08-19

Ҳар йили янги ўқув йили бошланар экан, олис ҳудудлардан келиб таҳсил олувчи талабалар ва уларнинг ота-оналарини турар жой масаласи ташвишга солади.

Ҳатто кунлаб оворагарчиликдан сўнг ётоқхонага жойлаша олмаган талабалар ҳафталаб ижара хонадонларни излаш билан вақт ўтказади. Бироқ эндиликда бундай бўлмайди. Талабаларни турар жой билан таъминлашда навбатлар ва сарсонгарчиликларнинг олдини олиш, талабаларнинг турар жойсиз қолишлари эҳтимолини бартараф этиш, уларни муносиб ва хавфсиз яшаш шароити билан таъминлаш мақсадида Наманган давлат университетида махсус марказ фаолияти йўлга қўйилди. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган “Талабалар турар жойлари ва ижара хонадонлари бўйича маълумотлар маркази”да турар жойга оид муаммоларга дуч келаётган, шунингдек, университет ётоқхонасига жойлашмоқчи бўлган талабалар ушбу марказга мурожаат қилишлари мумкин. 

Марказда талабалар турар жойи ва ижара хонадонлари, уларга жойлашиш истагидаги талабалар ҳақидаги маълумотлар базаси шакллантирилиб, бу жараёнда кўнгилли етакчи ёшлар ҳамда тьюторлар фаолият юритмоқда. Улар, шунингдек, турар жойга муҳтож талабаларнинг ётоқхона ва ижара хонадонлари билан таъминланишини назорат қилади ва уларга амалий ёрдам кўрсатади. 

– Олийгоҳимизда янги – 2023/2024 ўқув йилида 10 минг 396 талаба кундузги таълим шаклининг иккинчи, учинчи, тўртинчи босқичларида таҳсил олади. Ҳозирча уларнинг 3 минг 744 нафарининг турар жойга эҳтиёжи бор, – дейди Наманган давлат университети “Пресс клуб” раҳбари Санжарбек Ҳамидов. – Университетнинг мавжуд иккита талабалар турар жойи бугунги кунда шай ҳолга келтирилган. Уларга энг аввало, энг олис ҳудудлардан келиб таълим олувчи ва эҳтиёжманд деб топилган талабалар жойлаштирилиши боис Наманган шаҳридаги 10 маҳалла фуқаролар йиғинидан 644 хонадон билан ижара юзасидан оғзаки келишувларга эришилган. Бу хонадонларда яна 3 минг 574 талаба ўқув йили давомида ижара шартномалари асосида истиқомат қилиши мумкин. Ҳозиргача 268 хонадон билан талабаларнинг ижара шартномалари мавжудлиги аниқланиб, кундузги таълим шаклида таҳсил оладиган талабалар учун турар жойлардан 648 ўрин ажратилди. 

Таъкидлаш ўринлики, “Google.doc” платформаси орқали иккинчи ва учинчи босқич талабаларидан онлайн аризалар қабул қилинди. Бунда 862 ариза келиб тушган бўлса, шундан 68 ариза чин етим ёки меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, I-II гуруҳ ногиронлиги бор талабалар, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган, деб қайд этилган оила фарзандлари ва хорижлик талабалардан келиб тушган аризалардир. 

Бугунгача 467 ёш учун талабалар турар жойидан хоналар ажратилди. Дарвоқе, Наманган давлат университетида талабаларни турар жой билан таъминлаш масаласида келгусида янада кўпроқ қулайликлар яратилади. Чунки айни пайтда олий таълим муассасаси томонидан 400 ўринли талабалар турар жой биноси қурилмоқда. Янги ўқув йилининг биринчи ярим йилида бино фойдаланишга топширилади. Шунингдек, 2025 йилга қадар яна 7 қаватли 400 ўринли талабалар турар жойи биносини бунёд этиш режалаштирилган. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА