Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғидаги масалалар депутат сўровида акс этди
14:26 / 2025-10-15

Чилонзор туманидаги Дўмбиробод ва Гавҳар маҳаллаларида жойлашган болалар майдончалари, ўйингоҳлар таъмирталаб аҳволда. Уларнинг аксарияти 20-30 йилдан буён таъмирланмаган. Спорт ва соғломлаштириш жиҳозларининг металл қисмлари занглаган, ўйин майдончаларининг қопламалари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Бу эса болалар учун жиддий хавф туғдиради. Футбол, волейбол, баскетбол учун мўлжалланган мини-стадионнинг аҳволи ҳам яроқсиз ҳолатда.

Ушбу муаммолар Халқ демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан Чилонзор туманидаги Дўмбиробод, Гавҳар, Чўпонота ва 3-Чарх Камолон маҳаллаларида ўтказилган ўрганишларда маълум бўлди. Унда партия вакиллари ва депутатлар болалар ўйингоҳлари, спорт иншоотлари ҳамда нуронийлар учун мўлжалланган соғломлаштириш масканларининг бугунги ҳолатини яқиндан ўргандилар.

Ўрганишлар жараёнида аҳолининг реал эҳтиёжлари, болалар ўйингоҳларининг техник ва хавфсизлик ҳолати, спорт иншоотларининг фойдаланиш даражаси ҳамда кексалар учун соғломлаштириш масканларининг шароитлари атрофлича таҳлил қилинди.

Ҳудудда аниқланган масалалар юзасидан халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати Донохон Маҳмудова туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникацияларни ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари К.Ҳамроевга депутатлик сўрови юборди.

Сўровда болалар майдончаси ва мини-стадионни тубдан таъмирлаб, замонавий ҳолатга келтириш, янги ўйин ускуналари, сунъий қоплама, ёритиш тизими ва зарур тўсиқларни ўрнатиш ва амалга оширилган ишлар ҳақида ёзма маълумот тақдим этиш сўралган.

Таъкидлаш лозимки, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилишида маҳаллаларнинг озодалигига алоҳида эътибор қаратилиб, айрим маҳаллалар, кўчалар, қурилишлар атрофи, ариқлар, хиёбонларда озодалик талабларига риоя этилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Ободонлаштиришга масъул ҳоким ўринбосарларига 24 соат ишлайдиган бригадалар ташкил қилиб, кўча, хонадон, кўп қаватли уй, ижтимоий объектлар атрофини тозалаш топширилди.  

Дарҳақиқат, Президент топшириғидаги бу каби масалалар депутатнинг сўровида ўз аксини топди. Маҳаллалар ҳудудларининг озодалигини сақлаш, болалар учун мўлжалланган ўйингоҳ ва майдончаларни хавфсиз, санитар жиҳатдан талабга жавоб берадиган ҳолатга келтириш шу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг турмушига, кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади, болалар хавфсизлигига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА