Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги томонидан республика бўйича маҳаллалар ва кўчаларни тоза-озода сақлаш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган 100 нафар “Табиат уйғунлиги ҳимоячилари”нинг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фарзандлари учун жами 916 миллион 718 минг сўм миқдорида контракт тўловлари қоплаб берилди.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 30 декабрь куни Тошкент шаҳрида танлов ғолибларининг хонадонларига ташриф буюрилиб, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Лола Раҳмонбаева ҳамда агентлик директори Шарифбек Ҳасанов иштирокида фарзандларининг контракт тўловлари қоплангани ҳақидаги махсус сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Аввал хабар қилинганидек, санитaр тозалаш корхоналари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларида фаолият юритаётган тозалик посбонларини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Табиат уйғунлиги ҳимоячиси” танлови ўтказилди.
Танловда санитaр тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишларида, шунингдек, ободонлаштириш бошқармаларида кўп йиллар давомида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётган ходимлар иштирок этди. Танловда қатнашиш учун агентликка электрон почта орқали ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги ҳудудий бошқармалар орқали жами 182 та ариза келиб тушди.
Аризалар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири)нинг тегишли буйруғи асосида ташкил этилган комиссия томонидан низом талабларига мувофиқ шаффоф ва адолатли тарзда кўриб чиқилиб, 100 нафар энг муносиб номзод саралаб олинди. Янги йил байрами арафасида ғолибларнинг давлат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган фарзандлари учун агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан контракт тўловлари тўлаб берилди.

Ҳудудлар кесимида қоплаб берилган маблағлар қуйидагича тақсимланди:
Қорақалпоғистон Республикасидан 19 нафар ходимга — 157 млн 493 минг сўм;
Андижон вилоятидан 6 нафар ходимга — 61 млн 951 минг сўм;
Бухоро вилоятидан 7 нафар ходимга — 65 млн 809 минг сўм;
Жиззах вилоятидан 8 нафар ходимга — 77 млн 603 минг сўм;
Қашқадарё вилоятидан 8 нафар ходимга — 73 млн 828,5 минг сўм;
Навоий вилоятидан 9 нафар ходимга — 81 млн 912,5 минг сўм;
Наманган вилоятидан 5 нафар ходимга — 44 млн 750 минг сўм;
Самарқанд вилоятидан 2 нафар ходимга — 20 млн 983 минг сўм;
Сирдарё вилоятидан 1 нафар ходимга — 8 млн 623 минг сўм;
Сурхондарё вилоятидан 3 нафар ходимга — 23 млн 910 минг сўм;
Тошкент вилоятидан 5 нафар ходимга — 39 млн 946 минг сўм;
Фарғона вилоятидан 3 нафар ходимга — 24 млн 173 минг сўм;
Хоразм вилоятидан 2 нафар ходимга — 20 млн 888,4 минг сўм;
Тошкент шаҳридан 22 нафар ходимга — 215 млн 347,4 минг сўм.
Ушбу танловдан кўзланган асосий мақсад — инсон қадрини улуғлаш, узоқ йиллар давомида тозалик ва ободончилик йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган соҳа ходимларини эъзозлашдир. Шунингдек, уларнинг фарзандлари учун таълим олишда қулай шароитлар яратиш орқали келажакда Ватан равнақига муносиб ҳисса қўша оладиган билимли ва етук кадрларни тарбиялашга замин яратиш, “ижтимоий лифт” тамойилини амалда қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА