Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи билан Намангандаги “Саховат” уйида қурилиш ишлари бошланди
13:42 / 2021-02-24

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 февраль куни Наманган вилоятига ташрифи мобайнида “Саховат” уйига бориб, нуронийлар билан суҳбатда бўлган эди. Улар учун янги бино қурилиши таъкидланган эди.

Мулоқотда давлатимиз раҳбари “Менга Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бирдек қадрли. Бугун жуда оғир кун бўлди, кўп масалаларни муҳокама қилдик. Самолётга ўтириб, қайтиш олдидан кўнглимдан сизлар ўтдингиз. Шу муаммони ҳал қилмасдан кетаманми, деб ўйладим. Менга “Саховат” уйларига эҳтиёжи бўлган нуронийлардан жуда кўп хатлар келади. Шуларни инобатга олиб, ижтимоий ҳимояни кучайтирамиз. 4 ой ичида Наманган шаҳрида “Саховат” уйи учун янги бино қуриб берилади. Сизлар муносиб шароитларда яшайсиз,  даволанасиз. Сизларга соғлиқ ва узоқ умр тилайман”, деган эди.  

Президентимизнинг топшириғи ижросига киришилиб, бугун Наманган шаҳрининг Орзу маҳалласи ҳудудида “Саховат” уйи учун янги бино қурилиши бошланди.

Қайд этиш жоиз, 1982 йилда қурилган ҳозирги бино илгари пахта тозалаш заводининг дала ҳовлиси бўлган. Айни пайтда эскириб қолган ушбу масканда 14 нафар ёлғиз кекса истиқомат қилади.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов қурилиш жойига бориб, лойиҳа билан танишди. Қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича тегишли мутасаддиларга кўрсатма ва топшириқлар берди.

Шуни айтиш керакки, аслида 50 ўринли бу даргоҳни бунёд этишга 2016 йилда киришилган эди. Аммо турли сабабларга кўра, қурилиш ишлари тўхтаб қолганди.  

Ҳозирда “Саховат” уйи 120 ўринга мосланиб, қайта реконструкция қилинмоқда. Бино энергиятежамкор, яшаш, дам олиш ва саломатликни тиклаш учун барча шароитларга эга бўлиши кўзда тутилган. Санузеллари ичида бўлган икки кишилик хоналар, бассейн, тренажёр заллари кексалар ихтиёрида бўлади.

Албатта, “Саховат” уйининг қайтадан барпо этилиши энг аввало, бу ерда яшовчи қариялар учун чинакам совға бўлиши билан бир қаторда, мамлакатимизда инсонпарварлик ғоялари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигининг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилади.

 

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА