Президентимизнинг шу йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида, хусусан, Қамчиқ довонига туташиб кетадиган Поп туманидаги Чодак қишлоғида анча йиллардан бери тўпланиб қолган муаммоларга эътибор қаратиш, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, саноат тармоқларини олиб кириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудни вилоятдаги энг обод қишлоққа айлантириш бўйича зарур топшириқлар берган эди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур кўрсатмасидан келиб чиққан ҳолда, чодакликлар билан ўтказилган мулоқотда 32 мингдан зиёд ҳудуд аҳолисининг фаровонлигига хизмат қиладиган қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилиши айтилган эди.
Куни кеча “Олтинкон” шаҳарчасида бу борадаги улкан режалар ва саъй-ҳаракатларнинг дастлабки қадамлари сифатида 2021-2022 йилларда Чодак қишлоғини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тақдимоти ўтказилди.
Вилоят раҳбари бошчилигидаги ушбу тақдимотда дастур бўйича амалга ошириладиган ишлар бўйича вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари ўз йўналишлари бўйича қилинадиган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Йўл-транспорт инфратузилмаси, электр энергияси тизими, газ таъминоти, ичимлик суви, ирригация, кўп қаватли уйлар қуриш тизимлари бўйича мутасаддиларнинг лойиҳа тақдимотлари кўриб чиқилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, мактаблар, болалар боғчаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича мақсадли режалар атрофлича муҳокама этилди.
[gallery-2684]
Тоғли қишлоқда умумий қиймати 279 миллиард 100 миллион сўмни ташкил этувчи жами 257 та лойиҳа амалга оширилади. Чодакда учта 5 қаватли уй-жой мажмуасини барпо этиш ишларига ҳам киришилган. Икки йўлакли мазкур уй-жойларда икки ва уч хонадан иборат 40 та хонадон қурилади. Ҳозирда кўп қаватли уй-жойларда пудратчи ташкилотлар томонидан ер ишлари тугатилиб, пойдевор қуйилмоқда.
Дарҳақиқат, Чодак қишлоғи ҳар томонлама намуна бўладиган ҳудудга айланади. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш бўйича лойиҳаларга ҳам қўл урилади. Иккита катта ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушади.
Чунончи, дастур доирасида Олтинкон, Ўрта Хонобод, Майдон ва Қўшминор маҳаллаларида жойлашган халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишларига жами 24 миллиард 614 миллион 500 минг сўм маблағ йўналтирилади. Қолаверса, комплекс дастури бўйича жами 6 та умумтаълим мактаби замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланади. 2021-2022 йиллар давомида барча умумтаълим мактабларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилади.
Тақдимотда қайд этилганидек, Чодак аҳлининг ишсиз қатламлари вакилларини ўз-ўзини банд қилиш режаси учун жорий йил давомида жами 25 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағлари ажратилади.
Тақдимот давомида чодакликлар билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг билдирган таклифларини ўрганган ҳолда ижобий ҳал этиш юзасидан масъул мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ҳар бир масала назоратга олинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА