Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда
15:01 / 2024-07-15

Президентимиз раислигида жорий йил 20 июнь куни ўтказилган йиғилишда барча муҳандислик олийгоҳлари ҳамкор корхоналарда кафедралар очиши ва дуал таълимни йўлга қўйиши бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу топшириқ ижроси доирасида “Парвоз Хумо Равнақ Транс” МЧЖ тўқимачилик корхонаси ҳузурида Бухоро муҳандислик-технология институтининг енгил саноат муҳандислиги таълим йўналиши бўйича кафедра филиали ва иккита ўқув хонаси очилди. Унда институт ректори Садоқат Сиддиқова, ишлаб чиқариш вакиллари, корхона таъсисчиси, сенатор Шермухаммед Ачилов ҳамда дуал таълим бўйича халқаро эксперт Оливер Ҳеррлен қатнашди.

– Бу орқали дуал таълим соҳасида иш берувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда саноат корхоналари ва кадрлар тайёрлаш жараёнини узвий боғлашга эришиш мақсад қилинди, – дейди дуал таълим бўйича халқаро эксперт Оливер Ҳеррлен. – Ҳозирги даврда ўқитишнинг дуал шакли назарий, ишлаб чиқариш, амалий машғулотларни бир вақтнинг ўзида амалга ошириш бўйича дунёдаги техник соҳа кадрларини тайёрлашнинг энг самарали шаклларидан бири ҳисобланади. Дуал таълим назария ва амалиётни ўзаро алмашиш, таълим муассасалари ва корхоналар ўртасидаги фаол ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, муайян касб учун зарур бўлган компетенцияларни шакллантириш тамойилларига асосланади.  

Енгил саноат муҳандислиги таълим йўналиши бўйича кафедра филиалида талабалар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, дуал таълим давомида малакали кадрлар тайёрлаш тизими ҳамкорликда амалга оширилади.

– Профессионал таълим муассасаларида жаҳон андозаларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш кўп жиҳатдан профессионал таълимда замонавий таълим тенденцияларини жорий этилишига боғлиқ, – дейди Бухоро муҳандислик-технология институти ректори Садоқат Сиддиқова. – Ўз навбатида бу ўқув жараёнини илғор педагогик технологиялар талаби асосида ташкил қилиш орқали амалга оширилишини тақозо қилади. Бу эса таълим жараёнини бозор иқтисодиёти талабларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш, унга тегишли ўқитиш технологияларни жорий қилиш, таълим мазмунини доимий равишда янгилаб боришга қаратилган методик таъминотни такомиллаштириш заруратини келтириб чиқаради.  

– Ушбу жараён талабаларнинг касбий таълимида корхоналарнинг бевосита иштирокини ўз ичига олади, –дейди корхона таъсисчиси Шермухаммед Ачилов. –Корхонада амалий машғулотлар ўтказиш учун шароитлар яратилган ва ўқувчилар учун ҳар ойлик тўловларни ҳисобга олган ҳолда барча харажатлар қопланади. Таълим муассасалари корхоналар билан тенг асосда ҳамкорлик қилади.  

Зариф Комилов,  

ЎзА мухбири