Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: замонавий кардиология такомиллашмоқда
19:25 / 2023-08-24

Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиалига Австриянинг “АМЕ International” компанияси томонидан замонавий тиббий жиҳозлар топширилди.

Тадбирда хорижлик ҳамкорлар, вилоят фаоллари, жамоатчилик вакиллари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, тиббиёт соҳасида узоқ йиллар ишлаган меҳнат фахрийлари иштирок этди. Унда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, унинг самараси кардиология шифохонаси мисолида яққол кўзга ташланаётганлигини таъкидлади.  

[gallery-13245]

Жорий йилнинг ўзида шифохонада маҳаллий бюджет ҳисобидан 5 миллиард 200 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Марказга Австриянинг "AME international" компанияси томонидан буюртма қилинган қиймати 8,89 миллион еврога тенг замонавий тиббий дастгоҳлар олиб келиб ўрнатилмоқда. 65 хил турдаги 365 жиҳоз ҳозирги кундаги юрак қон томир тизимининг турли патологияларида ўлим, ногиронлик ҳолатларини камайтириш ва бартараф этиш ҳамда шошилинч кардиожарроҳлик амалиётини сифат жиҳатидан яхшилаш имконини беради.  

– Сурхондарё воҳасидан водийга келин бўлганман. Анчадан буён турмуш ўртоғимни юрак кенгайиши билан боғлиқ оғриқлар безовта қилиб келади. Шифокорлар жарроҳлик амалиёти ўтказиш зарурлигини айтишди, – дейди қўшни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманидан келган Ҳавасманд ая Асқарова. – Оммавий ахборот воситалари орқали хабар топиб, Намангандаги кардиология марказига келдик. Тажрибали шифокор Абдусалом Хўжамбердиев бошчилигида жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Юртимизда инсон қадри юксак даражада улуғланаётгани, аҳоли саломатлиги йўлида кўпчилик ҳавас қиладиган юқори шароитлар яратилаётганидан беҳад миннатдормиз.  

Маълумот ўрнида, Республика ихтисослаштирилган Кардиология илмий-амалий маркази Наманган филиалида аввалига 18 турдаги кардиожарроҳлик амалиёти бажарилган эди. Кейинги йилларда бу миқдор кўпайиб 65 турга етди. Янги жиҳозлар ўрнатилгач йил якунигача 112 турга етказиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун албатта, талаб даражасидаги шароит ва имкониятлар мавжуд.  

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.