Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: “Янги Ўзбекистон” массивлари барқарор табиий газ билан таъминланади
09:47 / 2023-04-13

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 5 апрель куни янги уй-жойлар қурилиши ва 2023 йилги ипотека дастури бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мутасаддиларга “Янги Ўзбекистон” массивларида зарур инфратузилма, қурилиш ва сотув билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга оид топшириқлар берилди.

Ўтган йили Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон, Сариосиё ва Бойсун туманларида ҳам “Янги Ўзбекистон” массивларини қуришга киришилиб, дастлабки кўп қаватли турар-жой бинолари фойдаланишга топширилган эди. Жорий йилда Термиз туманида ҳам “Янги Ўзбекистон” массиви уйларига тамал тоши қўйилади. Вилоятда олиб борилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари аҳоли, айниқса, ёш оилаларнинг уй-жой масаласини ҳал этишга кўмаклашади. Замонавий ва миллий архитектура ечимларига эга арзон, сифатли кўп қаватли уйлар воҳа қиёфасини тубдан ўзгартириб, ҳудудларга ўзгача кўрк бағишлайди.  

Видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида воҳадаги янги массивларда қурилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди. Маълумотларга кўра, жорий йилда “Янги Ўзбекистон” массивларида 1 минг 600 хонадонга мўлжалланган  66 та кўп қаватли уй бунёд этилади. Зарур инфратузилма яратилиб, узлуксиз табиий газ билан таъминланади. Жумладан, Ангор туманидаги “Шарқ гули” маҳалласида 11,5 гектар ер майдони ажратилиб, энг тажрибали  бунёдкорлар қурилиш ишларини бошлади. Қисқа вақтда учта 5 қаватли уй барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Айни пайтда ҳам қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.  

Вилоятда қурилаётган янги массивларда яшайдиган аҳоли учун Янги Ўзбекистонга мос шароитлар яратишга алоҳида аҳамият берилаётгани эътиборга молик. Шу мақсадда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали янги уйларга кўчиб ўтаётган юртдошларимизга қулай шароитлар яратиш учун узлуксиз табиий газ билан таъминлаш чораларини кўрмоқда. Хусусан, ўтган йили биргина Ангор туманидаги янги шаҳарчага 2,7 километр масофага табиий газ тармоғи тортилиб, хонадонларга уланди.  

Мутасаддиларнинг айтишича, 2022-2024 йилларда биргина Ангор туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 52 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, 180 ўринли мактабгача таълим ташкилоти, 1 минг 56 ўринли умумтаълим мактаби, 30 ўринли оталар чойхонаси, савдо ва хизмат кўрсатиш марказлари, спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, оилавий поликлиника каби ижтимоий соҳа объектлари ҳам қад ростлайди.  

–Массивларга газ қувурларини тортишда барпо этиладиган ижтимоий соҳа обьектлари ва хонадонлар ҳисобга олиниб, қувур ётқизилмоқда,– дейди “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали директори М. Мансуров.– Бу келгусида табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлишининг олдини олиб, истеъмолчиларни кафолатланган табиий газ билан таъминлашга хизмат қилади. Қурувчиларимиз бу йилга мўлжалланган ишларни ҳам тез ва сифатли амалга оширмоқда.  

Жарқўрғон туманидаги “Янги Ўзбекистон” массиви Қора янтоқ маҳалласи ҳудудидаги қумлоқ ерларда қад ростлаётир. Ўзига хос меъморий қиёфага эга шаҳарчада аҳоли учун яратилаётган шароитлар, зарур инфратузилма, ижтимоий иншоотларнинг мажмуа ҳолда бунёд этилиши унинг намунали лойиҳа асосида бунёд этилаётганини кенг намоён этмоқда. Бу ерда қурувчилар 20 та битта йўлакли 5 қаватли уйни фойдаланишга топширади. 2026 йилгача массивда 86 та кўп қаватли уй, хизмат кўрсатиш объектлари ва бошқа ижтимоий инфратузилма объектлари қурилади.  

–Ўтган йили янги массивга кўчиб келадиган аҳоли учун юқори босимли газ қувурини тортиб келдик, – дейди “Жарқўрғонтумангаз” газ таъминоти бўлими чилангари Муҳаммади Юнусалиев. – Бир йўла фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларнинг хонадонларини газлаштирдик. Бу йил ҳам яшаш учун тайёр бўлган хонадонларни табиий газ тармоғига улашни давом эттираяпмиз.  

  Филиалнинг қурилиш-монтаж бошқармаси ходимлари газ қувурларини монтаж қилиш ишларини қизғин олиб бормоқда. Хонадонларга газ ҳиди ёки ёнғин чиққанда автоматик тарзда газ таъминотидан тўхтатиш учун газ анализаторлари ўрнатилаётир. Ҳаво босими остида газ қувурлари мустаҳкамлиги ва зичликка чидамлилиги синовдан ўтказилиб, газ қувури ва ускуналарида газ сизиб чиқиш ҳолатлари текшириб кўрилмоқда. Ҳар бир хонадонга “ақлли” газ ҳисоблагич ўрнатилаётир. Хонадонлар эгаларига газ иси ва ёнгин хавфсизлиги коидаларига амал килиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бориляпти.  

Жорий йилда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурувчилари Янги Ўзбекистон массивларида 1,5 километр масофага газ қувури тортишни режалаштирган. Шунингдек, воҳадаги 5,5 километр газ қувурларини реконструкция қилиб, 10 дона газ тақсимлаш қурилмасини мукаммал таъмирлайди. 2 минг 125 дона газ тақсимлаш қурилмаси техник кўрикдан ўтказилади. 70,26 километр газ қувурини босим остида синаб, ҳаво босими ёрдамида тозалаш ишлари бажарилади. 70,26 километр ер ости газ қувурлари ҳолати махсус асбоблар ёрдамида текширилади. 220 километр узунликдаги газ қувурлари бўялади. Амалга ошириладиган бу ишлар вилоятдаги 30 та маҳалланинг 13 мингдан ортиқ аҳоли хонадонларини куз-қиш мавсумида ҳам барқарор табиий газ билан таъминлаш даражасини яхшилайди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири