Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: тоза ичимлик сув муаммоси ҳал бўлди
16:07 / 2023-08-27

Мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллик байрами арафасида Термиз туманидаги Учқизил қўрғони ва Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилаётган 9 минг 400 дан ортиқ аҳолининг бир умрлик орзуси руёбга чиқиб, биологик тоза, сифатли ичимлик сувидан баҳраманд бўла бошлади. Бир йўла “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятининг Термиз тумани бўлими учун қурилган замонавий бино ҳам фойдаланишга топширилди.

Президентимиз 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласида мавжуд сифатли ерости сув манбасидан самарали фойдаланиб, Термиз шаҳри ва Термиз туманида тоза ичимлик сувидан азият чекаётган аҳолини узлуксиз оби ҳаёт билан таъминлаш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берди.

Шунга мувофиқ, Термиз туманидаги Сабзипоя маҳалласи ҳудудида Термиз тумани ва Термиз шаҳрининг 15 минг 500 хонадонида яшайдиган 62 минг кишини узлуксиз тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган янги лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг биринчи босқичида тоза ичимлик суви таъминоти нисбатан оғир бўлган Термиз туманидаги Учқизил қўрғони ва Янги ҳаёт маҳалласи аҳолиси сифатли оби-ҳаёт билан таъминланди. 

Йирик лойиҳани тез, сифатли бажариш учун унинг смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, шаҳарсозлик экспертиза хулосаси олинди. Икки босқичда амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланди. Қиймати 81 миллиард сўмлик қурилиш ишини амалга ошириш чоғида ҳудудда 15 та сув қудуғи бурғилаш, қарийб 30 километр масофага магистрал сув тармоқларини тортиш, икки минг квадрат-метр сиғимга эга тўртта сув сақлаш иншооти, лабаратория, насос станцияси, 1000 кВтли трансформатор пункти, назорат масканини бунёд этиш режалаштирилди. 
Сурхондарё вилоятида ерости сув захираларининг камайиши, артезиан қудуқларининг эскириши воҳа маркази ва Термиз туманидаги ўнга яқин маҳаллада тоза ичимлик суви муаммосини кўндаланг қўйди. Артезиан қудуқ сувлари сифати талабга жавоб бермай, шўрланиб қолди.

Айрим ҳудудлар аҳолиси сув қувурлари ўрнатилмаганидан азият чека бошлади. Маълумотларга кўра, шу пайтгача туман аҳолисининг 64 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Янги лойиҳанинг тўлиқ ишга туширилиши аҳолини биологик тоза сув билан таъминлаш даражасини тубдан ошириб, ичимлик сув муаммосини бартараф этади. 

– Сабзипоядаги ерости суви минералларга бой,– дейди “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳасан Сафоев.

– Биологик жуда тоза. Саломатлик учун фойдали оби–ҳаёт. Янги лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга туширилгани истеъмолчиларнинг кўп йиллик азиятларига чек қўйди. Лойиҳа тўлиқ фойдаланишга топширилгач, нафақат сифати талабга жавоб бермай қолган маҳаллаларни тоза суви билан таъминлайди балки, шу пайтгача ичимлик суви етиб бормаган қатор ҳудудлар аҳолисининг ичимлик суви масаласини тўлиқ ҳал этади. 

Мутахассисларнинг айтишича, ерости ичимлик сувларининг меъёридан ортиқ шўрланиши ва ариқ сувларини истеъмол қилиш айрим ички органлар касалликларини келтириб чиқаради. Сабзипояда аниқланган сув захираси микроэлментларга бойлиги билан истеъмолчиларнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондиради. Буйрак, жигар, ошқозан-ичак каби ички организмлар касалликка чалинишининг олдини олади.

Аҳоли саломатлигини сақлаб, ёш авлоднинг униб ўсишига, қадри улуғланиб, камолга етишига хизмат қилади. 

–Хонадонларимизга етиб келган бу сувнинг тавсифини яхши биламиз, – дейди учқизиллик меҳнат фахрийси Ўрол Раҳимов. – Қишлоғимизда истиқлолнинг ўттиз икки йиллиги қўшалоқ байрамга айланди. Кўп йиллик орзуимиз ушалиб, ҳаётимиз манбаи бўлган сифатли, ширин сув келди.

Ундан бир пиёла симирсак, баҳри дилимиз яйрамоқда. Жумракдан оқаётган зилол сувни кўриб, хотин–қизларимиз, фарзандларимиз, невараларимиз жуда суюнмоқда. Эндиликда ҳеч ким шўрланган сув истеъмолидан келиб чиқадиган касалликлардан азият чекмайди.

Авлодларимиз янада соғлом улғаяди. Бизга шундай ғамхўрлик кўрсатиб, қадримизни улуғлаётган давлатимиздан миннатдормиз.

Давлатимиз раҳбари ғояси билан ҳудудга янги сув қувурларининг тортилиши Учқизил қўрғонидаги 851 хонадонда яшаётган 4 минг 159, Янги ҳаёт маҳалласидаги 1 минг 100 хонадонда истиқомат қилаётган 5 минг 333 истеъмолчининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириб, уларга бир олам қувонч улашди. Мустақиллик имкониятлари ва сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишонч туйғусини янада мустаҳкамлади.

–Кўчиб келганимизга ўттиз йил бўлди,–дейди Янгиобод маҳалласида яшайдиган Матлуба Сиддиқова.– Сув шўрлигидан жиддий қийналдик. Кейинчалик сув қайнатадиган аристон ўрнатдик. Лекин, сув шўрлигидан аристон ҳам икки-уч йилда чириб, тешилиб қолаверди. Бир куни Термиз шаҳрига йўлга чиқсам, атрофда монтаж қилинаётган қувурларга кўзим тушди. Улар нега тортилаётганини сўрасам, кимдир “сув қувурлари экан, бизнинг маҳаллага ҳам тоза сув келар эмиш”, деди. Аввалига ишонмадим. Мана, бугун хонадонимизга ўрнатилган жумракдан муздеккина сув келди. Ичиб кўриб, унинг болдек ширинлигидан беҳад суюндим. Илоҳим, замонимиз тинч, юртимиз тўкин, маҳалламиз янада обод бўлаверсин!

Лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга турилиши ва янги бинонинг очилишига бағишланган тантанали маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари янги бинода яратилган шароитлар, лабораторияга ўрнатилган замонавий жиҳозлар билан танишди. Нуронийлар мустақиллигимиз абадий, амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар бардавом, юртимиз обод, мамлакатимиз тинч бўлишини тилаб, дуога қўл очди. 

Вилоят раҳбари Янги ҳаёт маҳалласида хонадон соҳиблари билан суҳбатлашиб, тоза ичимлик сувининг етказиб берилишини кўздан кечирди. Дунёда долзарб муаммога айланаётган оби - ҳаётнинг қадрига етиш, уни тежаб сарфлаш, ёш авлодга ҳам бу фазилатларни чуқур сингдириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. 

Лойиҳанинг навбатдаги босқичида қурилиш–монтаж ишлари қизғин давом этмоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА