Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: таълим сифатининг янги босқичи
13:57 / 2023-02-24

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда мактаб ўқувчилари камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатилиши устувор вазифа этиб белгиланган эди.

Бу борада Бухоро вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, дастлабки ҳаракатлар бошланди.  

– Айни пайтда вилоятда мавжуд мактабларнинг 518 тасида таълим ўзбек, 29 тасида рус-ўзбек, 4 тасида рус, 10 тасида қозоқ тилларида олиб бориляпти, – дейди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов. – Вилоятдаги 491 та умумтаълим мактабларида инглиз тили, 55 тасида немис, 49 тасида француз тили хорижий тил сифатида ўқитилади. Бухоро шаҳридаги 42-умумтаълим мактабида корейс ва инглиз, 4- ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида инглиз ва немис, Ғиждувон туманидаги 62-сон ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида инглиз ва француз тиллари, яъни, иккита хорижий тил ўқитилиши йўлга қўйилган.Касб ўргатиш йўналишида 483 та мактабда технология хоналари мавжуд. Уларнинг 429 таси белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. 2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларини 21 944 нафар ўқувчи битириши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича режалар белгилаб олинди. 17074 нафар ўқувчилар олий таълим муассасаларида, 1 625 нафари техникумларда ва 970 нафари коллежларда ўқиш истагани билдирган бўлса, яна 1 008 нафари тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни, 677 нафари ўзини ўзи банд қилишни ҳамда 590 нафари ишга жойлашишни мақсад қилган.  

Ўқувчиларни камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида Бухоро шаҳри, Ғиждувон ҳамда Шофиркон туманларидан 3 тадан мактаб тажриба тариқасида танлаб олинди. Ушбу 3 та ҳудудда жами 169 та умумтаълим мактаблари фаолият юритаётган бўлиб, уларда 130 788 нафар ўқувчилар таҳсил олмоқда. Мактабларда 117 та технология фани хоналари мавжуд. 91 таси белгиланган талаблар асосида жиҳозланган. Бундан ташқари, мазкур ҳудудлардаги 20 та профессионал таълим муассасаларида мактаб ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш бўйича зарур шароитлар яратилган.  

Тажриба-синов тариқасида мактаб битирувчилари “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ҳисобидан 20 та, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 37 та ҳамда Мактабагача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 18 та касбларга ўргатилади.  

Мазкур жараёнлар истиқболда вилоятнинг барча мактабларида олиб борилиши кўзда тутилган. Мавжуд имконият ва эҳтиёжлардан келиб чиқиб, вилоят мактабларида ўқувчиларни касбга тайёрлаш мақсадида 8 та йўналиш ихтисослиги бўйича 64 та касблар ўргатилиши режалаштирилди.  

Шунингдек, вилоят мактабларида фаолият юритаётган малакали педагоглар салоҳиятидан фойдаланиб, барча умумтаълим мактабларида хорижий тилларни ўқитиш бўйича тўгараклар ташкил этилади. Шу билан бирга, олий таълим муассасаларининг хорижий тил йўналиши бўйича кафедра ўқитувчилари мактаб ўқув жараёнларига жалб қилинади.  

2023-2024 ўқув йилдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)да биттадан жами 13 та мактабда, жумладан Ромитан, Қоракўл, Олот, Шофиркон ва Қоровулбозор туманларида француз тилини, Когон шаҳри, Когон, Жондор ва Пешку туманларида немис тилини, Бухоро шаҳар, Вобкент ва Ғиждувон туманларида инглиз тилини, Бухоро туманида корейс тилини ўқитиш жорий этилади. Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 3 минг нафардан ортиқ хорижий тил ўқитувчиларининг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқув-семинарлари ва мақсадли малака ошириш курслари ташкил қилинади.  

Мактаб битирувчиларини касб-ҳунарга тайёрлаш жараёнларига ҳудудда жойлашган профессионал таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш усталари, маҳоратли ҳунармандлари жалб этилади. Умумтаълим мактаблари ахборот технологиялари хоналаридаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда ўқувчилар 10 дан ортиқ замонавий касблар (креатив индустрия)га ўргатилади.  

 

Зариф Комилов,  

ЎзА