Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган қиймати 138 миллион долларлик лойиҳаси аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз 2021 йил 1-2 июнь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг сув омбори сувидан фойдаланиш ҳисобига Сурхондарё вилоятининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди. Шунга мувофиқ ўтган йили воҳанинг Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги 1 миллион 700 минг кишини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган лойиҳанинг техник асослари ишлаб чиқилиб, бунёдкорлик ишлари бошланди. Сув омборининг қуйи қисмида босимни сўндирадиган, сувни тозалаш ва тарқатиш иншоотлари қурилишига киришилди. Бир йўла туманлардаги сув тақсимлаш узелларига олиб борадиган қувурлар ётқизиладиган бўлди.

Йирик иншоотни сифатли ва муддатида фойдаланишга топшириш учун “Toʼpalang HPD Platinum” корхонаси 400 дан ортиқ машина, механизм ва ускуна, мингга яқин муҳандис-техник ҳамда ишчи кучларини жалб қилиб, объектда йирик қувватга эга 361 километр магистрал ва 227,8 километр ички сув тармоқларини бунёд этмоқда. Шу пайтгача Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманлари ҳудудида 80,6 километр магистрал, қарийб 50 километр ички ичимлик сув узатиш тармоғи тортилди.
– Бажариладиган ишлар кўлами жуда кенг, – дейди “Сурхондарё сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори Ҳасан Сафоев. – Кучли босим билан ҳаракатланадиган оби-ҳаётни вилоят бўйлаб тарқатиш учун Россиянинг “Загор труба заводи” акциядорлик жамияти ва “Тошкент труба заводи” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонасининг жуда сифатли қувурлари ётқизилиб, монтаж қилинмоқда. Энг муҳими қурувчилар тоғли ҳудудлардаги мураккаб йўналишларда бу ишларни сифатли бажаришди. Ҳозир туманларда магистрал ва ички ичимлик сув узатиш тармоғини жадал суратларда ётқизиб, халқимизнинг асрий орзуларини тезроқ руёбга чиқаришга интилмоқда. Жумладан, янги йилгача Сариосиё туманидаги ички қувурларни магистрал тармоққа улаб, аҳолига ичимлик суви етказиб бериш режалаштирилмоқда. Шу кунларда Шўрчи туманидаги Саксонкапа маҳалласи ҳудудида ҳар бирининг сиғими беш минг куб-метр бўлган иккита сув сақлаш ва узатиш иншооти қурилмоқда.

–Бу иншоотларга 325 диаметрли қувур билан сув келиб, йирик диаметрли қувур орқали Шўрчи тумани аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланади,– дейди участка бошлиғи Жаҳонгир Азимов. – Иккита сув сақлаш ва узатиш иншооти бир йўла 10 минг куб-метр сув сиғимига эга бўлади. Лойиҳанинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, барча ҳудудларга баланд тоғ бағридан ҳеч қандай электр энергия сарфисиз юқори босимда сув етказиб берилади. Иншоотларни яқин кунларда фойдаланишга топширмоқчимиз.
Осмонўпар тоғлар бағридаги 700 метр баландликдан келадиган сув мазкур иншоотларда сақланиб, истеъмолчиларга тарқатилади. Унинг мустаҳкамлигини таъминлаш учун бунёдкорлар энг сифатли қурилиш материалларидан фойдаланмоқда. Шунингдек, туман ҳудудида магистрал ва ички қувурлар тортилмоқда. Бу ишлар тўлиқ бажарилгач, тумандаги 98 минг 545 нафар фуқаронинг тоза ичимлик сув таъминоти тубдан ўзгаради.

– “Тўпаланг” суви лаборатория таҳлилларидан ўтказилганда юмшоқлиги ва шифобахшлиги аниқланди, – дейди санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати Шўрчи туман бўлими мудири Сардор Қодиров. – Сув омбори суви ҳудудимизга етиб келгач, ундан баҳраманд бўлган аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод янада соғлом бўлади. Сув таъминоти билан боғлиқ касалликлар кескин камайишига эришилади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда қурувчилар магистрал ва ички қувурларни тортишдан ташқари Сариосиё туманида йирик ичимлик сув тозалаш иншоотини қурди. Денов ва Қумқўрғон туманларининг ҳар бирида сиғими 20 минг куб-метр бўлган сув резервуарлари ҳамда Қумқўрғон туманидаги сув босимини сўндириш иншоотларида ҳам қурилиш ишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилмоқда.

Лойиҳанинг тўлиқ амалга оширилиши ерости сув захиралари пасайиб бораётган бир пайтда одамлар таркиби ўзгариб, шўрланган артезиан қудуғи сувидан эмас, балки минералларга жуда бой, фойдаланишга яроқли тоғ сувини истеъмол қилиши учун катта имконият яратади. Аҳолининг сифатли ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириб, буйрак, жигар каби ички организмлар билан боғлиқ касалликларга чалинишнинг ҳам олдини олишга, лўнда қилиб айтганда, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
–Туманимизнинг сифатли ичимлик суви билан таъминланиши ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилаётган юксак эътибор ифодасидир,–дейди Шўрчи туманида яшайдиган Ҳикматулла Аллаёров.– Аслида мамлакатимизда бундан ташқари ҳам маблағ талаб этиладиган ишлар жуда кўп. Лекин сув масаласи инсон саломатлиги билан боғлиқ бўлгани учун муҳим муаммо. Бугун қувурларнинг еростига ётқизилаётганини, уйимиз яқинида йирик иншоотлар қурилаётганини кўриб, яқин фурсатда биз орзу қилган сув етиб келишига ишончимиз янада мустаҳкамланди. Мана шу масаланинг ечимига катта маблағ ажратиб, шундай йирик қурилишни амалга ошириш ташаббускори бўлган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Тарихий лойиҳани 2021-2023 йилларда босқичма-босқич барпо этиб, ишга тушириш режалаштирилган.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА