Ёз чилласида чекинмасдек бўлиб туюлган тандирдек иссиқ кунлар ҳам ортда қолмоқда. Субҳидамда майин эсаётган куз шабадаси, дов-дарахтларнинг сарғая бошлаган япроқлари совуқ кунлар яқинлашаётганидан дарак бераётир. Қишга ҳозирдан тайёргарлик кўрган инсон ортиқча ташвиш чекмай, бу фаслни ҳам бехавотир, беташвиш ўтказади. Қалбда шукроналик туйғуси билан бўлғуси кўкламга пешвоз чиқади.
Президентимиз раислигида шу йилнинг ўтган даврида ўтказилган бир қатор видеоселектор йиғилишларида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини ишончли энергия ресурслари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилган эди. Жорий йилнинг 11 август куни Бухоро шаҳрида озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш орқали нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан кафолатли таъминлаш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мутасаддиларга муҳим топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур топшириқлари Сурхондарё вилоятида қандай ижро этилмоқда? Ўтган аномал совуқдаги хато ва камчиликлар қайта такрорланмаслиги учун ижтимоий-иқтисодий соҳа объектлари ҳамда аҳоли хонадонларининг энергия ресурсларига эҳтиёжини таъминлаш йўлида қандай чора–тадбирлар белгилаб олинган?
Жанубдаги воҳада бундан беш-олти йил муқаддам ҳам қиш мавсумида айниқса, чекка ва олис қишлоқлар аҳолиси жиддий азият чеккани, тоғ ва боғлардаги дарахтларни кесиб, совуқ кунларга ишлатгани сир эмас. Сўнгги йилларда бу масалага жиддий эътибор қаратилиб, олис ва тоғли қишлоқлар аҳолиси қишин-ёзин суюлтирилган газ билан таъминланаётгани, совуқ кунлар учун кўмир ёқилғиси етказиб берилаётгани одамларнинг қиш фаслини хотиржам ўтказиши учун қулай муҳит яратаётир.
Бу йил иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа обьектларини куз-қиш мавсумига ҳозирлаш жараёнида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси кўмирга эҳтиёжи бор ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни бепул кўмир билан таьминлаш чорасини белгилаб олди. Бунинг учун маҳаллалардаги эҳтиёжманд хонадонлар рўйхати шакллантирилиб, ҳар бир оилага 600 килограммдан кўмир бериш белгиланди.
–Халқимизда қишнинг бир куни йилга татийди, деган пурмаьно гап бор, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Абдулҳаким Эшмуродов. – Бу бежиз айтилмаган. Ўтган йилги кутилмаган аномал совуқ ҳам бу сўзнинг тагида чуқур маъно борлигини кўрсатди. Бўлғуси қишда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг кўмирга бўлган эҳтиёжини таъминлаш учун бепул қаттиқ ёқилғи етказиб беришни бошладик. Бепул кўмир оладиган ижтимоий кўмакка эҳтиёжи бор оилалар рўйхатини тузиб чиққанмиз. Шахсан вилоят ҳокими раҳбарлиги ва назоратида 33 минг 300 ижтимоий ёрдамга муҳтож оилага 20 минг тонна кўмир тарқатилмоқда. Агар бу ёқилғини пулга чақсангиз 6 миллиард сўмдан ортиқ маблағ бўлади.
Маълумотларга кўра, қиш фаслида вилоятда 475 минг оила уйини кўмир билан иситади. Уларнинг 33 минг 300 таси ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалардир. Аҳоли эҳтиёжи учун бу йилги қиш фаслида 95 минг тоннадан ортиқ кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шу кунгача 30 минг тоннадан ортиқ кўмир ҳудудларга етказилиб, аҳолига тарқатилди. Унинг 8 минг тоннадан ортиғи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бепул берилди. Ёки 13 минг 600 дан ортиқ фуқаронинг ҳар бири 600 килограммдан бепул сифатли кўмир олиб, қишнинг совуқ кунларига ғамлаб қўйди.
Денов туманида эҳтиёжманд 5 минг 521 оилага 3 минг 313 тонна бепул кўмир тарқатилади. Шу кунгача икки мингдан ортиқ хонадонга 1 минг 200 тоннадан зиёд кўмир етказиб берилди.
– Кам таъминланган оиламиз, – дейди Денов тумани Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Муҳайё Шералиева. – "Аёллар дафтари" рўйхатига ҳам олишган. Қиш яқинлашаверса уйларимизни иситиш ташвиши билан яшай бошлаймиз. Бу йил қишга ўтин ғамлаш хаёлимизга келмай туриб, совуқ кунлар учун деб бепул кўмир беришди. Ҳали совуқ бошланмай туриб бизга эьтибор қаратган давлатимиздан миннатдормиз.
Президентимизнинг вилоятдаги Халқ қабулхонасидан олинган маьлумотга кўра, эҳтиёжманд оилаларга бепул кўмир етказиб бериш Термиз шаҳри ва барча туманларда уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жумладан, Узун туманида 2 минг 693, Сариосиё туманида 2 минг 622, Шўрчида 1 минг 493 оиланинг ҳар бирига 600 килограммдан бепул кўмир етказилди.
Шеробод туманида 2 минг 157 хонадон 1 минг 294 тонна бепул кўмир билан таьминланади. Ҳозиргача уларнинг беш юзга яқини қиш учун хонадонига 600 килограммдан бепул сифатли кўмир ғамлаб қўйди.
Тумандаги Гулчинор маҳалласида истиқомат қиладиган Сабоҳат Эгамбердиева ҳам "Аёллар дафтари" рўйхатига олинган. Ишсиз эҳтиёжманд аёлга ҳам 600 килограмм кўмир етказиб берилди.
–Биздек эҳтиёжмандларнинг иссиқ-совуғимиздан хабар олиб, ёрдам берилаётганидан беҳад миннатдормиз, – дейди Сабоҳат Эгамбердиева.–Қишнинг совуқ кунларини иссиқ уйда хотиржам ўтказишимиз учун ҳозирдан бепул кўмир келтириб беришди. Бу ёқилғи билан бемалол қиш фаслини иссиққина уйда ўтказамиз. Ташкилотчиларга раҳмат.
Вилоятда бўлғуси куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ва аҳолига кўмир тарқатиш қизғин давом этмоқда.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири