Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: Сурхондарёда 20 минг гектар янги ер ўзлаштирилмоқда
11:18 / 2023-03-15

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида воҳа адирликларидан янги ерлар ўзлаштириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт ҳажмини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан ҳам қатор вазифаларни белгилаб берди.

Вилоятда мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш учун Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларидаги адирликлардан 20 минг гектар ерни ўзлаштиришга киришилди. Янги лойиҳа доирасида "Помир Сурхон Агро кластер" масъулияти чекланган жамияти Қумқўрғон туманидаги “Сайхон” массивида 12,5 минг гектар, Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” массивида 7,5 минг гектар бўз ерни ўзлаштириб, фойдаланишга киритади. Экинларни оби-ҳаёт билан кафолатли таъминлаш учун ўзлаштирилаётган майдонларга яқин Жарқўрғон туманидаги “Оқтепа” сув омборидан қувур орқали сув етказиб берилади.  

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов янги ўзлаштирилаётган экин майдонларида бўлиб, "Помир Сурхон Агро кластер" масъулияти чекланган жамиятининг лойиҳаси билан танишди. Масъул мутахассислар иштирокида  янги ерларни ўзлаштириш, фойдаланишга киритиш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишларни муҳокама қилди.  

Лойиҳа ташаббускорлари сув тақчил бўлган адирликни ўзлаштириб, атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экишни мўлжалламоқда. Шу ернинг иқлимига мос полиз маҳсулотлари, ерёнғоқ, картошка каби озиқ-овқат экинларини етиштириб, мўл ҳосил олишни режалаштираётир. Бунинг учун дастлаб адирлик текисланиб, экин экишга тайёрланади. Ерларни бир маромда сув билан таъминлаш йўлга қўйилиб, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантирилади.  

Мутахассисларнинг фикрича, вилоятда фойдаланишга киритилаётган янги ер майдонлари ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлаш, воҳада озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш кўламини кенгайтириб, экспорт ҳажмини оширишга кўмаклашади.

Вилоят раҳбари лойиҳани янада такомиллаштириб, ишларни тезроқ бошлаш юзасидан тегишли таклиф ва тавсияларини билдирди.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири