English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: Сирдарёда Олтиариқ усули оммалашади
09:22 / 2023-08-06

Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 июль куни Фарғона вилоятига ташрифи чоғида олтиариқлик боғбонларнинг узумчилик соҳасидаги тажрибаларини юқори баҳолаб, республикамиз туманларида оммавийлаштириш бўйича кўрсатма берган эди. Узумчилик соҳасидаги ушбу йўналишларни Сирдарё вилоятида кенг жорий этиш мақсадида Сирдарё туманида амалий семинар ташкил этилди.

Сирдарё туманининг “Ҳақиқат” ҳудудида фермерлик қилиб келаётган Баҳодир Исаев жорий йилда 20 гектар ерда узумзор ташкил этди. Ушбу дала майдони авваллари сув чиқиши қийин бўлиб, ҳосилдорлиги тушиб кетган, захира ерлар эди.

– Март ойида узумнинг “киш-миш” навини экиб, ниҳол ораларига май ойида пиёз кўчатларини жойлаштирдим, – дейди фермер Баҳодир Исаев. – Далани суғориш учун 120 метр чуқурликдан артезиан сув чиқардим, 600 миллион сўмга замонавий томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатдим. Узумзор “Олтиариқ” услубида экилган ва кейинчалик пиёздан олинган даромадга ишком қиламан.  

Муҳими бу орқали чекка ҳудудда 10 доимий ва 50 мавсумий иш ўрни яратилди. Албатта, фермер ўз ўзидан бундай натижага эришгани йўқ. Ғоясини молиялаштиришга Республика қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш  агентлиги томонидан 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Кўриниб турибдики, ернинг яхши ёмони бўлмайди. Ҳар қандай шароитда ҳам омилкорлик ва инновация асосида қилинган меҳнат ўз самарасини беради.  

Хусусан, 2018 йилда ташкил этилган “Agro eko technology” масъулияти чекланган жамиятига қарашли майдонлар ҳам унумдорлиги паст, захира ерлар эди. Икки йил аввал экилган узум кўчатлари бу йилги қаҳратон қишнинг совуқларига дош берди. Италия усулида парвариш қилинаётган мазкур узум нави ҳар қандай иқлим шароитига чидамли,  бозори чаққон ва саноатбоплиги билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу майдонларда ҳам барча экинлар томчилатиб суғориш технологияси асосида суғорилади.

Хўжаликларда узумчилик тармоғида тўпланган тажрибаларни оммавийлаштириш мақсадида ушбу хўжалик даласида семинар ташкил этилди. Унга республикадан таниқли олимлар, соҳа мутахассислари, барча туманлардан қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари вакиллари, фермер ва кластер раҳбарлари таклиф этилиб, узумчиликда “Олтиариқ тажрибаси” ўрганилди.  

Таъкидландики, бугун жаҳон бозорида данаксиз узум мевасига бўлган талаб тобора ортиб бормоқда. Шу боисдан узумнинг оддий хўраки навларидан кўра, дунё бозорида харидоргир бўлган янги, саноатбоп навларни кўпайтириш, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жорий этиш давр талабидир. Эндиликда Сирдарё вилоятида 12 минг гектарда токзорлар барпо қилинади. Шундан биргина Сирдарё туманида 600 гектар экилади, яна 3000 гектар захира ерлар, дала четларига, рашалар ва хонадонлар ҳиссасига тўғри келади. Бундан ташқари, ташаббускорларнинг лойиҳалари ҳам қўллаб- қувватланади. Бунинг учун Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг маблағлари жалб қилинади.  

– Ҳар бир туманда “Олтиариқ” усулида узум етиштириш имкони бор. Бугунги семинарда олимлардан жуда кўп маълумотлар олдик, – дейди Оқолтин тумани ирригация бўлими мутахассиси Ғиёсхўжа Ҳамзаев. – Айниқса, токзорларни суғориш тартиби, томчилатиб суғориш технологияларини қўллаш ва молиявий манбаалар ҳусусида жуда зарур билимга эга бўлдик.  

Семинар давомида соҳа олимлари қайси навни қаерга жойлаштириш, суғориш технологияси, ерни танлаш ва экиш, кўчат танлаш, қайси мавсумда ниҳол ўтқазиш самарали, зараркунандаларга қарши курашишнинг замонавий усуллари ҳусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди. Савол-жавоблар руҳида ўтган тадбирда узумчиликни ташкил этиш билан боғлиқ барча масалалар муҳокама этилди.  

Шуҳрат Суяров,

ЎзА мухбири