Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: Қоракўлда дала четлари, томорқадан самарали фойдаланилмоқда
19:30 / 2023-05-05

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни ихтисослаштириш жараёни ўтган йиллардан бошланган. Жумладан, 2022 йилда ҳудуддаги 20 та ўзини ўзи бошқариш органи худди шу жабҳада маҳсулот етиштиришга йўналтирилган. Улардаги 13 мингдан ортиқ хонадон ўзининг 736 гектар экин ерида муайян бир маҳсулотни етиштириш тажрибасини ўзлаштирмоқда.

Жорий йилда бу борадаги ишлар давом эттирилди. Тумандаги ихтисослаштирилган маҳалла сонини 25 тага етказиш ва бунда қарийб 17 минг хонадон тасарруфидаги  минг гектардан зиёд ерда белгиланган сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириш агротехникаси пухта эгалланиши кўзда тутилган. Чунончи, ҳудудда 18 та маҳаллада аҳоли қизиқишлари, кўп йиллик томорқачилик маданиятидан келиб чиққан ҳолда помидор, бодринг, пиёз, сабзи, лавлаги, карам, булғор қалампири, шолғом каби сабзавот маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш режалаштирилган. Натижада мавжуд 872 гектар экин еридан унумли фойдаланиш, бир маҳалланинг 75 гектар аҳоли томорқасида картошка етиштириш, 622 та хонадонига эга бошқа бир маҳаллада 38 гектар ерда қовун, тарвуз, ошқовоқ каби полиз маҳсулотлари етиштириш белгиланган. Боғ-токзорини кенгайтириб ҳар йили мева ҳамда узумдан баракали ҳосил олинаётган 3 та маҳаллада жами 2 минг 143 та хонадоннинг ўз тасарруфидаги 77 гектар экин ерида боғдорчиликни ривожлантиришга доир манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Шу қаторда қишлоқ жойларида чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қуёнчилик ва бошқа тармоқларни ривожлантиришга доир амалий чора-тадбирлар бошланган.  

Бугунга келиб Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий ҳамда Муқимий кўчаларига бўлинган “Жиғачи” маҳалла фуқаролар йиғинида 564 та хонадон, 890 та оила ва уларда жами 3 мингдан зиёд аҳоли умргузаронлик қилмоқда.  

– Бизда қишлоқ хўжалиги, деҳқончилик, асосан томорқачилик анча ривожланган бўлиб, аҳоли томорқа ери 76 гектарни ташкил этади, – дейди мазкур маҳалла раиси Алижон Қиличев. – Шундан қарийб 5 гектарда қишлоқдошларимиз иссиқхона барпо этиб, сабзавот-полиз маҳсулотларини етиштириб келишади. Биргина 2022 йил маҳалламиз миришкорлари пешона тери билан айнан томорқада етиштирилган ҳосилни олсак, 210 тонна атрофида помидор, 160 тона бодринг, яна шунча пиёз, 525 тонна атрофида ошқовоқ, 570 тоннадан ортиқ картошка элимиз дастурхонига етказилган. Аммо бизда карамнинг бир неча турини етиштириш оммалашган, яъни маҳаллий навга мансуб бош карам, шунингдек, салатбоп гулкарам ва яна броколли, корейс карамини экиб етиштириш хўжаликларга яхшигина даромад келтирмоқда.  

Куни кеча Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят кенгаши ишчи гуруҳи томонидан Қоракўл туманидаги ўрганишлар давомида аҳоли томорқаларидан фойдаланишнинг аҳволи, сабзавот-полиз маҳсулотлари етиштиришда томорқачилар дуч келаётган ташвиш ва муаммолар билан бирга, фермер хўжаликлари дала четларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, контурлар атрофида озуқабоп экинлар етиштириш ишларига эътибор қаратилди.  

Бу борада “Қоракўл” ҳудудидаги фемер хўжаликлари фаолияти мисолида умумий аҳволга баҳо берилди. Айни кунда бу ҳудудда 15 та фермер хўжалиги ўз тасарруфидаги 555 гектар ер майдонида пахта ва 661 гектар ерда ғалла етиштириб келмоқда. Мавжуд 110 та контурда деҳқончилик қилиб келаётган фермер хўжаликларининг 13 таси ҳосил етказиб беришга доир буюртмачи томони “Қоракўл кумуш калава” МЧЖ билан шартнома имзолаган. Икки фермер хўжалик эса “Мергантекс” кўп тармоқли агрокластер билан пахта-ғалла ҳосили етказиб беришга доир шартнома тузган.  

–Дала четларини кўкаламзорлаштириш ва унумли фойдаланиш доирасида бу хўжаликларнинг жами 81,5 гектарида картошка, пиёз, ошқовоқ, қовун, тарвуз каби сабзавот ва полиз маҳсулотлари, қолаверса, кунгабоқар, ловия, мош каби дуккакли ва мойли экинлар етиштириш ишлари давом эттирилмоқда, – дейди вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Хуршид Болтаев. – Ишчи гуруҳи ўрганишида аён бўлишича, бугунга келиб бу агротехник тадбир 71 фоизга адо этилмоқда, холос. Асосий майдонларда сабзавот, полиз ва бошқа масулотлар етиштириш салмоғини ошириш тақозо этилмоқда. Шу боис, Дўрман қишлоғидаги “Жонибек Абдусалом ўғли”, шунингдек, ҳудуддаги “Фазлиддин Қиличбек”, “Улуғбобо”, “Олим Вали файз”, “Фармонбобо Хурсанд” каби фермер хўжаликларида ғўза ва ғалла парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирлар қаторида дала четларида эрта баҳордан тут ва ток кўчатларини ўтқазиб парваришлаш, шунингдек, етиштириладиган маҳсулотларни суғориш мақсадида ер четларидан ўқариқ олиб, деҳқончилик ишларини жонлантиришда қатор нуқсон ва камчиликлар аниқланиб, ер эгаларига аҳволни ўнглашга доир тавсия ва топшириқлар берилди.  

Зариф Комилов, ЎзА