Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи — амалда: пойтахт туманлари ободонлаштирилмоқда
09:56 / 2023-01-10

Озода, обод ва кўркам манзиллар юртимиз чиройига чирой, аҳолига эса кўтаринки кайфият бағишлайди. Обод жойда файзу барака, хотиржамлик бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг Учтепа туманига ташрифи давомида берилган тегишли топшириғига асосан пойтахт туманларида ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар прокуратураси, Ички ишлар бош бошқармаси ва Давлат солиқ бошқармаси бошлиқлари 4 январь кунидан бошлаб Бектемир туманида бир нечта ташкилот ходимларидан иборат ишчи гуруҳ билан биргаликда эрталабки йўриқнома ўтказди. Мазкур тадбирда 18 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинадиган ишлар белгилаб олинди.  '

Шу куни 800 нафарга яқин ҳашарчилар ва 35 та махсус техникалар жалб этилиб, ҳудудлар кесимида тегишли тартибда ишлар бошлаб юборилди. Жумладан, атроф-муҳит чиқинди ва хазонлардан тозаланди, дарахтларга шакл берилди. Шунингдек, ички йўллар ҳолати ўрганилиб, аниқланган муаммо ва камчиликлар бартараф этилди. Бундан ташқари, махсус техникалар орқали маҳаллалардаги электр энергияси, табиий газ ва сув таъминот тизимлари кўздан кечирилиб, эскирган электр симёғочлари янгиланди. Турар жой биноларининг ертўлалари назорат қилиниб, ноқонуний қурилмалар қурилишининг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилди.  

Ободонлаштириш ишларидан ташқари туманда болалар майдончаларини қуриш бошлаб юборилди. Шу билан бирга, бозорлар, бекатлар, умумий овқатланиш шохобчалари, аҳоли турар жой бинолари атрофида ноқонуний ўзлаштирилган, транспорт воситалари ҳаракатланишига халақит берувчи объектлар рўйхатга олинди ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.  

Сектор раҳбарлари туманда жойлашган “Қўйлиқ” деҳқон бозорини масъуллар билан биргаликда кўздан кечиришди. Савдо мажмуасида халқимизга қулайлик яратиш ҳамда чўнтакбоп нархларда маҳсулот етказиб бериш мақсадида ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркаларидаги нарх-наво билан танишди. Нархларни сунъий оширмасликни таъминлаш ва бозор ҳудудида тирбандликларнинг олдини олиш борасида амалга ошириладиган ишлар белгилаб олиниб, зарурий чоралар кўрилди. Бундан ташқари, автомобиллар тураргоҳи тартибга келтирилди. Сотувчи ва масъулларга қоидабузарликларнинг олдини олиш ва ҳалол фаолият юритиш тўғрисида тушунтириш ишлари ўтказилди.  

Бектемир туманидаги ҳашар 2 кун давом эттирилиб, режа асосида белгилаб олинган ишлар муваффақиятли тарзда якунига етказилди. Шундан сўнг ободонлаштириш тадбирлари пойтахтимизнинг Чилонзор туманида давом эттирилди.  

Эрта тонгда бўлиб ўтган йўриқномада Тошкент шаҳар сектор раҳбарлари амалга оширилиши зарур бўлган ишларни муҳокама қилиб, масъулларга тавсия ва кўрсатмалар берди. Шундан сўнг учинчи ва тўртинчи сектор ҳудудига қарашли 8 та маҳаллада ободонлаштириш ҳаракатлари бошлаб юборилди. Ушбу ҳашарга мингдан ортиқ ишчи кучи ва 50га яқин махсус техникалар жалб этилди.  

Ободонлаштириш ишлари мобайнида кўп қаватли уйлар атрофи, 27,5 километрдан ортиқ кўчалар тозаланиб, жами 27 тоннага яқин чиқинди олиб кетилди. Бундан ташқари, 140дан зиёд дарахтлар буталаниб, электр тармоғидаги узилишлар, газ ва сув қувурлари билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. Шунингдек, аҳоли турар жойларининг ертўлалари кўздан кечирилиб, дезинфекция ишлари олиб борилди.  

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА