English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: озиқ-овқат маҳсулотлари мўл бўлади
17:56 / 2022-09-22

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорликни таъминлаш гарови ҳисобланади. Ер юзида иқлим ўзгариши натижасида юз бераётган табиий офатлар, сув танқислиги, қурғоқчилик каби вазиятлар озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни тобора қийинлаштирмоқда. Оқибатда дунё озиқ-овқат бозорларида тақчиллик юзага келиб, нарх-наво ошаётир.

Мамлакатимизда мазкур йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Буни Бухоро вилоятида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Вилоятда қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачиликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ижобий натижалар бермоқда. Президентимизнинг жорий йил 8 февралдаги “Чорвачиликни янада ривожлантириш ва озуқа базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 31 мартдаги “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди.

Имтиёзли кредитлар, лизинг ва субсидиялар ҳисобидан бу йўналишда фаолият олиб бораётган фермерлар ва тадбиркорлик субъектлари янада кўпроқ натижадорликка эришаётир.

– Давлат раҳбарининг қабул қилган қарорлари асосида янгидан ташкил этилган чорвачилик лойиҳалари тадбиркорлар учун катта имкониятларни яратиб берди, –дейди Бухоро вилояти “Чорванасл” маркази директори Носир Раҳматов. – Яратилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб тадбиркор ва фермерларимиз ўзи хоҳлаган хорижий давлатга бориб наслдор моллар олиб келмоқда.

[gallery-8882]

Маълумотларга кўра, ҳозирда вилоятда 1 миллион 300 минг бошга яқин қорамол мавжуд. Улар сонини янада ошириш ва наслини яхшилаш борасида самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўтган йили вилоятда 242,2 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 315 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Сут маҳсулотлари 1,2 миллион тоннага етказилади. Бундай дейишга асослар етарли. Сабаби, сўнгги 3 йилда вилоятдаги 104 та замонавий, 300-500 бошга мўлжалланган чорвачилик комплекслари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни чоғда улар сонини 120 тага етказиш режалаштирилган. Ҳозирда хориждан келтирилган наслли қорамоллар сони 50 минг бошдан ошди ва уларнинг ҳар биридан 25-30 литргача сут соғиб олинмоқда. Бўрдоқичилик йўналишида 1,5-1,8 килограммгача вазн олишга эришилмоқда.

– Австрия давлатидан олиб келинган 140 бош Сементал зотли қорамоллар ҳисобига хўжалигимиз фаолиятини янада кенгайтирди, – дейди Вобкент туманидаги “Заҳро юлдузи” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Кенжаев. – Ҳозирда бу ердаги наслли сигирлар сони 160 бошга етди. Йил охирига қадар Франция ва Германия давлатларидан яна 200 бошга яқин қорамол олиб келиш бўйича шартномалар имзоланган.

Паррандачилик йўналиши ҳам бугун вилоятнинг драйвер соҳаларидан бирига айланган. 80 сотих ер майдонида барпо этилган “Умид ОИЛ Вобкент парранда” масъулияти чекланган жамиятининг товуқхонасида бугун 16 минг бош бройлер жўжалари парваришланмоқда. Уй шароитида ишни бошлаган Миршод Ўринов бугун фаолиятини янада кенгайтирди. Қўйчилик соҳасида ҳам жамиятда янги лойиҳага старт берилди. Молдова давлатидан олиб келинган 77 бош наслли қўчқорлар сифатли гўшт ва тери олиш имконини бермоқда. Аввалига тери етиштиришда Бухоро иқлим шароитига мос келадиган суфолк зотли қўчқорлар олиб келинган бўлса, эндиликда Европа бозорида гўшти харидоргир бўлган доплер қўйлари кўпайтирилмоқда.

Сўнгги йилларда вилоятда балиқчилик тармоғи ҳам ривожланди. Вобкент туманидаги “Улуғбек Ҳикматович” масъулияти чекланган жамиятида Россия тажрибаси асосида балиқ етиштирилмоқда. Дастлабки натижалар зоғора балиқдан юқори ҳосил олишда ўз самарасини бера бошлади. Вилоятда қарийб 50 минг гектар майдонда чорва озуқалари етиштириляпти. Бу борада ҳам фермер хўжаликлари учун тақдим қилинган имтиёзлар чорвачилик ривожи йўлида муҳим омил бўлмоқда. Ҳар бир хўжаликнинг яхшигина даромад топиши ҳисобидан бозорларда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланмоқда. Аҳолининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилаётир. Энг муҳими, ҳар бир фермада 30-40 та янги иш ўрни яратилиб, юртдошларимизнинг фаровон яшаши учун мустаҳкам асос ҳозирланмоқда.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА