Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: мактабларда янги баҳолаш тизими жорий этилди
12:42 / 2023-09-23

Бухоро вилоятидаги 28 та умумтаълим мактабларида янги баҳолаш тизими тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақида Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 28 август куни мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида таълим сифатини ошириш мақсадида умумтаълим мактабларида Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими жорий этилиши белгиланган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда 2023-2024-ўқув йилидан Бухоро вилоятида ҳам 28 та умумтаълим мактаби танланди. Уларда янги баҳолаш тизими тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Бу жараёнга мактабларнинг 5-11-синф ўқувчилари жалб этилган. Ушбу мактабларга вилоятда мавжуд Президент ва ихтисослашган мактаблар “таянч мактаб” сифатида бириктирилган.

Мазкур баҳолаш тизими амалдагисидан фарқ қилади. Бунда инсон омили минималлаштирилган. У ўқувчининг билимини объектив баҳолаш ҳамда тўғри йўналтиришга замин яратади.

Бухоро шаҳридаги 23-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам тажриба-синов мактаби сифатида айни пайтда янгича баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Жараёнга жалб этилган ўқитувчилар янги тизимнинг афзалликларини алоҳида эътироф этиб ўтди.

– Анъанавий баҳолашда ўқувчилар билими 5 балли тизимда баҳоланиб, кунлик баҳоси кўпроқ чораклик баҳосини чиқаришда асосий рол эгаллайди ва бу унчалик ҳам холис баҳолашга кирмайди, – деди мактабнинг математика ўқитувчиси Амрилло Саидов. – Чунки ўқитувчи болаларни 5 балли тизимда нисбий баҳолаб келади. Янги баҳолаш тизими эса мезонларга асосланган бўлиб, бунда ўқувчининг аниқ қайси билими, қайси кўникмаси асосида баҳоланиши олдиндан ишлаб чиқилган. Шу асосида уларнинг билими, олган билимини амалиётга қўллаши, мулоҳаза, мушоҳада қилиш кўникмалари ҳам баҳоланади.

– Янгича тамойилни ўз фаолиятида татбиқ этаётган ўқитувчи сифатида шуни айта оламанки, бу тизим ўқувчини баҳолашни одилона ва шаффоф тарзда амалга ошириш имконини беради, – дейди Вобкент туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Феруза Жўраева. – Тажриба-синов жараёнларини эндигина бошлаганимизга қарамай, шу қисқа вақт мобайнида нафақат ўқувчилар ва ўқитувчиларда, балки ота-оналарда ҳам масъуллик ҳисси кескин ошганини кузатяпмиз. Бу мактаб ва оиланинг бир мақсад йўлида бирлашишига ҳам хизмат қилмоқда.

– Янги баҳолаш дастури ўқувчиларни мустақил равишда кўпроқ билим олишга, изланишга ундайди. Улар ўз бўшлиқлари устида ишлашлари кераклигини ҳеч қандай ортиқча турткиларсиз англаб боради, –дейди тажриба-синов мактаби сифатида танланган Бухоро шаҳридаги 17-умумтаълим мактабининг технология фани ўқитувчиси Мунис Адизова. –Албатта, бунда биз ўқитувчилардан янги баҳолаш тизимининг мазмун-моҳиятини ўқувчиларга ва ота-оналарга тўғри етказган ҳолда, амалиётга самарали татбиқ этиш талаб этилади.

 

Зариф Комилов, ЎзА