Президентимизнинг шу йил 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Бухоро вилояти Ромитан туманидаги узоқ қишлоқларда ихчам ва қулай тиббиёт масканлари очилмоқда.
Аҳолига тиббий хизматни юксалтириш мақсадида туманнинг 1-секторига қарашли “Самосий” маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла тиббиёт пункти фаолият бошлади. Очилиш маросимида маҳаллий ҳокимлик вакиллари, тиббиёт ходимлари кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла нуронийлари қатнашди.
– Президентимизнинг жорий йилнинг 18 март куни тиббиёт соҳаси вакиллари билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда туманнинг узоқ ҳудудларида ана шундай маҳалла тиббиёт пункти очилмоқда, –дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Жамшид Тоҳиров. – Ушбу тиббиёт шохобчалари (контейнер)нинг фойдаланишга топширилиши аҳолининг узоғини яқин қилмоқда. Ромитан туманининг олис ва чекка қишлоқларида ҳам 6 та маҳалла тиббиёт пунктлари очилади. Пунктлар аҳоли қатновига қулай жойда қурилади.
“Самосий” маҳалла фуқаролар йиғинида жами 3 минг 440 нафар аҳоли яшайди. Аҳолига хизмат кўрсатиш радиуси 5 километрни ташкил этади. Йиғин марказидан энг яқин тиббиёт муассасасигача бўлган масофа 42-Оилавий поликлиникагача 2.5 километрни, 37- Оилавий поликлиникагача 7 километрни, 41 -Оилавий поликлиника Аламдор филиалигача 7 километр ва Марказий касалхонагача 17 километрни ташкил этади. Ҳудуддаги маҳалла тиббиёт пункти шу маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Оғар, Комкўч ва Қосхўр қишлоқлари аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатади.
Зариф Комилов, ЎзА