Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: кадрлар салоҳияти, тиббий хизмат сифати янада ошади
18:45 / 2023-02-10

Бухорода замонавий тиббиёт кампуси қурилмоқда. Бу ташаббус давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида илгари сурилган эди. Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти 1990 йилда ташкил этилган. Шундан буён тиббиёт ходимларини тайёрлайдиган билим даргоҳи мослаштирилган биноларда фаолият юритиб келмоқда. Олий таълим даргоҳининг замонавий иншоотга эҳтиёжи инобатга олиниб тиббиёт кампуси қуриладиган бўлди. Мажмуа учун танланган жойнинг вилоятдаги бир қатор тиббиёт муассасалари, шифохоналар билан яқин масофада жойлашгани талабаларнинг назариёт ва амалиётни уйғун ҳолда олиб боришига қўл келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида  лойиҳалаштирилган йирик иншоот қурилиши бугунга келиб поёнига етмоқда. Кампус тўрт қаватли шинам ётоқхона, олти қаватли ўқув бинолари, симуляция маркази, поликлиника, спорт зали, бир пайтнинг ўзида 500 мижозга хизмат кўрсатадиган ошхона ва бошқа иншоотлардан иборат. Биргина симуляция маркази қурилиши учун 11 миллиард сўм сарфланган. У замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланмоқда. Тиббиёт кампуси жорий йилда фойдаланишга топширилади.  

Институтнинг янги кампуси учун Бухоро шаҳрининг Ғиждувон кўчаси “Мохи Хосса” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 10,5 гектар ер майдони ажратилган. Замонавий ҳамда муҳташам кўринишга эга мазкур кампус Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Тиббиёт қурилиш” инжинеринг компанияси буюртмаси асосида бунёд қилинган. Бу жараёнда масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Бухоро қурилиш” корхонаси лойиҳачи, вилоятда кўплаб йирик қурилишларда жонбозлик кўрсатган “47-сонли Хўжаликлараро Кўчма Механизациялаштирилган Колонна” жамоаси эса пудратчи саналади. Мазкур кенг қамровли лойиҳага инвестиция маблағлари ҳисобидан 219 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Бу сармоя эвазига институт ҳудудида 12 та кўп қаватли иншоот қад ростлаган. 900 ўринли кенг ва ёруғ ўқув биноси, 200 ўринли клиника корпуси, симуляцион ўқув клиник маркази, 1 минг 200 ўринли 3 та талабалар турар жойи, спорт зал, 300 ўринли талабалар ошхонаси, битта виварий биноси яхлит мажмуани ташкил этади.  

[gallery-10528]

– Ўз таркибида кардиохирургия, нейрохирургия, трансплантология, ЭКО маркази, травматология, неврология, лор ва умумий хирургия каби муҳим йўналишларни қамраб олиши кутилаётган клиникани жиҳозлаш мақсадида олийгоҳнинг бюджетдан ташқари маблағи ҳисобидан 50 миллиард сўм сармоя ажратилди, – дейди Бухоро давлат тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Шуҳрат Тешаев. – Бундан ташқари, зарур ҳолларда олий таълим даргоҳида борадиган назарий ва амалий таҳсил жараёни учун институт бюджетидан ташқари маблағи ҳисобидан 1 миллиард 100 миллион сўм сармоя ажратилди. Бунинг эвазига замонавий қуёш паннеллари келтириб ўрнатилди.  

Айни кунда олий таълим даргоҳида даволаш иши, стоматология, педиатрия, тиббий педагогика ва олий ҳамширалик, тиббий профилактика, тиббий биология ва халқ табобати, фармация йўналиши, халқаро факультет, Туркия тиббиёт факультетлари фаолият кўрсатмоқда. Келгусида мазкур мутахассисликлар бўйича маҳаллий ва хорижий талабалар қабул квоталари сони мунтазам ошириб борилиши ҳам бу муҳташам кампусда яратилаётган имконият ва қулайликлар, қолаверса, жорий қилинаётган халқаро таълим андозалари туфайлидир.  

Айни кунда Бухоро давлат тиббиёт институтида юқорида айтилган 8 та факультет ва улардаги жами 42 та кафедра, 12 та бакалавриат ва 24 та мутахассислик бўйича магистратура йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Халқ хўжалигининг тиббиёт соҳасига малакали мутахассислар тайёрлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида келгуси ўқув йилидан яна 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат йўналишида ва 6 та магистратура йўналишида мутахассислик очилиши кўзда тутилган.  

Маълумотларга кўра, тиббиёт институтида жорий ўқув йилида жами 7 минг 200 нафар талаба таҳсил олаётган бўлса, шундан 900 нафарини чет эллик талабалар ташкил этади. Келгусида бу борада ҳам ўсиш кутилмоқда. Чунончи, 2024 йилда институт талабалари сонини 10 минг нафарга, шундан хорижий талаба сонини 2500 нафарга етказиш кўзда тутилган. Яқин уч йилда, яъни 2026 йилга бориб олий таълим даргоҳида таълим оладиган ёш истеъдод эгалари сонини 15 минг нафарга, шундан чет эллик талаба сонини 5 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.  

Бухоро давлат тиббиёт институти янги кампусининг замонавий барпо қилинган бино ва иншоотларида маҳаллий ва хорижий мутахассислар ҳамкорлигида 2023-2026 йиллар давомида 15 мингдан ортиқ юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконияти яратилмоқда. Натижада касалманд фуқароларнинг шаҳарлараро қатнаб, ҳам вақт, ҳам  маблағ сарфлаб, ортиқча овора бўлишининг олди олинади. Шунинг баробарида, институтда таълим сифати ва кадрлар салоҳиятига эътибор янада кучаяди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА