Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: институт янги бинода иш бошлади
15:45 / 2023-03-10

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг табригини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Баҳронов ўқиб эшиттирди.  

Меҳмонлар кампус бўйлаб экскурция қилишди. Янги бинонинг имкониятлари ва бу ерда жойлашган замонавий клиника ҳамда Симуляцион марказ фаолиятига юқори баҳо беришди. Таъкидлаш жоизки, мазкур бино қурилишига Президентимизнинг 2017 йил март ойида Бухоро вилоятига қилган сафари давомида берилган топшириқлар муҳим аҳамият касб этди.  

Бухоро давлат тиббиёт институти халқаро ҳамкорлик қилиш борасида етакчи ўринда туради. Институт айни пайтда 50 га яқин халқаро олий таълим муассасаси ва ташкилот билан имзоланган меморандум ва шартномаларга мувофиқ фаолият кўрсатмоқда. Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида жорий ўқув йилида жами 7 минг 200 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан бир нечта хорижий давлатдан 2 мингга яқин талаба келиб, Бухорода тиб илмидан таҳсил олмоқда. 2026 йилга бориб олий таълим даргоҳида таълим оладиган ёш истеъдод эгалари сонини 15 минг нафарга, шундан чет эллик талаба сонини эса 5 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.  

[gallery-10916]

Айни кунда АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Польша, Россия Федерацияси, Иордания каби мамлакатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари билан ўзаро илмий-амалий ўқув дастурлари доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш баробарида ўзбекистонлик, хусусан, бухоролик бўлғуси шифокорларнинг мазкур мамлакатларда таҳсил олиши, докторантура ва бошқа босқичларда илмий изланишларини ташкиллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.  

Маълумот ўрнида: Бухоро давлат тиббиёт институти 1990 йилда ташкил топган.   Ҳозирда институтда 8 та факультет ва 42 та кафедра, 12 та бакалавриат ҳамда 24 та мутахассислик бўйича магистратура йўналишлари фаолият кўрсатмоқда. Халқ хўжалигининг тиббиёт соҳасига малакали мутахассислар тайёрлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида келгуси ўқув йилидан яна 2 та янги факультет, 3 та кафедра, 1 та бакалавриат ва 6 та магистратура йўналишида мутахассислик очилиши кўзда тутилган.  

Куннинг иккинчи ярмида янги фойдаланишга топширилган тиббиёт институтининг кичик мажлислар залида мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ректорларининг раёсат кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда миллий тиббиёт ва фармацевтика таълимини модернизация қилиш, ушбу соҳага халқаро таълим стандартларини жорий этиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишнинг долзарб муаммолари бўйича комплекс илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, таълим олаётган ёшларга маънавий-ахлоқий тарбия беришнинг самарали тизимини яратиш бўйича сўз борди. Юртимиздаги олий таълим муассасаларида замонавий таълим методикаси, илғор хорижий давлатларнинг ўқув дастурлари орқали яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш, етук кадрларни тайёрлаш масаласи муҳокама қилинди.  

Йиғилишда юртимиздаги тиббиёт олий таълим муассасалари ректорлари таълим тизимини янада такомиллаштиришда ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш масалалари муҳокама қилинди. Қатор муҳим масалалар бўйича мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.  

Зариф Комилов,  

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА