Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириғи амалда: барчаси аҳоли саломатлиги учун
14:03 / 2023-03-09

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида 135 ўринга мўлжалланган янги терапия мажмуаси иш бошлади.

Таҳлилларга кўра, филиалда биргина 2022 йилда 114 мингдан ортиқ бемор мурожаат қилган. Улардан 31 минг 912 нафари даволанган. 8 минг 918 дан ортиқ операция бажарилган. Филиалда бир кунда ўртача 250-300 бемор мурожаат қилади. 100-150 нафари госпитализация қилинади. 25-30 та операция бажарилади.  

Давлат раҳбари топшириғига асосан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Бухоро филиалида янги, замон талабларига мос диагностика ва даволаш бинолари қурилди. Ушбу мақсадларда жами 72 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.  

Янги терапия мажмуасининг бунёд этилишида 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. 10 миллиард  сўмга тиббий жиҳозлар олинган. Шунингдек бугунги кунда мажмуага 1-ва 2-шошилинч терапия, педиатрия, болалар реанимацияси, комбустиология, токсикология, кардиореанимация бўлимлари жойлаштирилмоқда.  Янги терапевтик бино ҳудуди 20060,8 кв.м. ни ташкил қилиб, мажмуа ҳудудида ошхона, кислород станцияси ва кўкаламзорлаштириш майдонлари мавжуд.  

– Филиалда муваффақиятли ишлар амалга оширилиб, чет эл клиникаларида иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қийналган ҳолда  катта маблағ эвазига даволаниб келишга мажбур бўлган кўплаб беморларда мураккаб технологияли операциялар амалга оширилмоқда, – дейди илмий марказнинг Бухоро филиали директори Тоҳир Мусоев. – Илк бор буйрак трансплантацияси, туғма мия чурраси аномалияси хасталигига чалинган беморда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 2022-2023 йилларда “Кардиохирургия ва ангиография” хизмати жорий этилди. Ушбу мақсадларни амалга оширилиши учун филиалга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 4 миллиард сўм маблағ ҳисобига “Сунъий қон-айланиш аппарати (АИК)”, вилоят ҳокимлиги томонидан 1.5 миллиард сўмдан ортиқ  маблағ ҳисобига тиббий асбоб-ускуна ва анжомлар олиб берилди. Бундан ташқари, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўмга замон талабларига мос “Ангиохирургия” биноси қад кўтармоқда. Филиалда тажрибали юрак-қон томир жарроҳи Мустафо Обейд бошчилигидаги бир гуруҳ етакчи мутахассислар иштирокида очиқ юракда аорта-коронар шунтлаш, митрал ва аортал клапанларни алмаштириш операциялари амалга оширилди. Қисқа муддатда шунга ўхшаш 30 дан ортиқ операциялар муваффақиятли бажарилди. Вилоятда илк бор мураккаб аритмологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 64 ёшли оғир юрак етишмовчилигидан азият чекиб келаётган беморга 3 камерали махсус кардиостимулятор ўрнатилди. Бу каби мураккаб юқори технологияли оператив амалиётлар вилоят миқёсида филиалда жорий қилиниши давом эттирилади.  

Очилиш маросимида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори Даврон Туляганов қатнашди.  

Зариф Комилов, ЎзА