Бугун O‘zLiDeP фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар қизғин муҳокама қилинди.
Дастлаб Президентимизнинг саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва ижтимоий соҳада ишга туширилган янги объектлар билан танишиш мақсадида Наманган вилоятига ташрифи ва ташриф давомида белгилаб берилган вазифалар аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.
Депутатлар Норин ГЭСлар каскадининг дастлабки босқичининг ишга тушишини мамлакатимиз энергетик барқарорлигини таъминлашда муҳим қадам эканини эътироф этди. Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу энергетика иншоотини бориб кўрди.

Маълумки, мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашда стратегик йўналиш сифатида белгиланган. Охирги йилларда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарёда ўндан зиёд қуёш ва шамол электр станцияси ишга туширилди. Шу билан бирга, қатор ҳудудларда 450 мегаваттли гидроэлектр станциялар фойдаланишга топширилди.
Депутатлар энергетика тизимидаги бундай йирик лойиҳалар аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш, саноат тармоқларини узлуксиз ишлатиш ҳамда иқтисодий самарадорликни ошириш учун муҳим қадам эканини қайд этди. Шунингдек, ишга туширилаётган ҳар бир янги ГЭС “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этди.

Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 сентябрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманига ташрифи ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар билан “Таълим сифатини ошириш, ўқитувчи ва мураббийларни янада қўллаб-қувватлаш масалалари” бўйича ўтказган мулоқотидаги ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Депутатлар давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасини янада ривожлантириш борасидаги ташаббус ва таклифлари O‘zLiDeP сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг эканини эътироф этди.
Кун тартибидаги қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА