Фарғона вилоятида узум етиштиришда Олтиариқ тажрибасини жорий этиш бўйича кўргазмали семинар бошланди. Унда тегишли вазирликлар, Қорақалпоғистон Республикасидан соҳа масъуллари, барча вилоятларнинг ҳоким ўринбосарлари, туман ҳокимлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, тадбиркорлар иштирок этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 27-28 июль кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Олтиариқ туманидаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалиги томонидан ташкил этилган узумчилик плантациясида бўлди. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда иқлими узумчиликка мос туманлар кўплигини таъкидлаб, уларда ҳам Олтиариқ тажрибасини жорий қилиш, токзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди. Семинар мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.


Фарғона вилояти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти соҳасида мамлакатимизда жуда катта салоҳиятга эга. Айни пайтда вилоятда етиштирилаётган гилос, узум, ўрик, шафтоли, анор, хурмо, қовун каби маҳсулотлар жаҳон бозорида тобора харидоргир бўлаётгани қувонарлидир.
Олтиариқ тумани узум етиштиришда катта тажрибага эга. Бу ердаги аксарият хонадонларда ўзига хос таъмга эга бўлган узум навлари етиштирилади. Олтиариқлик миришкорларнинг узумчиликдаги тажрибасини мамлакат миқёсида оммалаштириш, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Туманда янги навлар яратиш, истиқболли, саноатбоп узум навларини маҳаллий шароитга мослаштириш, ушбу юмуш билан шуғулланаётган оилалар ва ташаббускор тадбиркорларни қўллаб-қувватлашни тақозо этаётгани айни ҳақиқат.


Шунга кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Олтиариқ тумани адирликларида 1000 гектар ерда янги токзор яратилиб, бозорбоп узум навлари экилди. Туманда 4 минг 500 гектар майдонда хўраки узумлар етиштириш воиш усулида ташкил этилган.
Семинар иштирокчилари тумандаги “Хайрулло Баҳром Бойматов” фермер хўжалигининг токзори билан танишди ва шу ерда узумчиликни ривожлантириш истиқболлари, Олтиариқ тажрибасини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ш.Ғаниев, Қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов мамлакатимизда узумчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Бунда илм, тажриба ва инновация муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлда қабул қилинган “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган даврда 48 узумчиликка ихтисослашган туманларда 106 минг гектарда узумзор барпо этилди. Европадан 34 янги, данаксиз узум навлари келтирилди. Соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун уч йилда 183 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Кўргазмали семинарда узумчиликни янада ривожлантириш учун кўплаб вазифалар белгилаб олингани, бу бўйича қарор лойиҳаси тайёрланганлиги маълум қилинди. Иштирокчилар тумандаги маҳаллаларда бўлиб илғор тажрибалар билан танишмоқда.
М.Сулаймонов, ЎзА