Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташрифидан сўнг: қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони ортмоқда
20:43 / 2023-10-27

Бугун қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноатининг инновацион салоҳиятини ошириш ҳар жиҳатдан муҳим саналади. Бунга мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожининг муҳим омилларидан бири сифатида қаралаётгани ҳам бежиз эмас.

Соҳани ривожлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ўринда Президентимизнинг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига алоҳида эътибор қаратиш ўринли. Ушбу ҳужжатда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасини янги босқичга кўтаришнинг барча ташкилий-амалий механизмлари белгилаб берилган.

Кейинги йилларда бу йўналишдаги корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳудудлардаги саноат зоналарига шундай ташаббусларни жойлаштиришга алоҳида эътибор қилинмоқда.

Қарши шаҳридаги “Қавали” кичик саноат зонасига умумий ўн битта лойиҳа жойлаштирилган. Аҳамиятлиси, лойиҳаларнинг ярмидан кўпи қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқариш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларидир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 25 октябрь, Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи ушбу кичик саноат зонасидаги “АЛПТОМ” корхонаси фаолияти билан ҳам танишди.

Ташрифдан сўнг корхона раҳбари Зайниддин Саломов билан суҳбатлашдик.

– Бу лойиҳамиз “1-сон комплекс лойиҳа қурилиш-монтаж” хусусий корхонасининг негизида ташкил этилган, – дейди З.Саломов. – Лойиҳанинг умумий қиймати 18,5 миллиард сўм. Ҳозирги кунда бу ерда қурилиш саноатида муҳим саналган сэндвич панеллари ва профнастил ишлаб чиқарамиз. Корхонамиз бир қатор бунёдкорлик лойиҳаларида ҳам иштирок этади.

Сэндвич панеллари ва профнастилга ўзимизда ҳам эҳтиёж юқори. Масаланинг яна бир бошқа томонига тўхталмоқчиман. Саноат зонасида тадбиркорлик қилиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун барча қулайликлар бор. Масалан, барқарор электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви, йўл инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар йўқ. Олти гектарлик майдонда иш бошлаган барча корхона вакиллари жуда мамнун. Бу шароитларнинг яратилишида шахсан давлатимиз раҳбари турганини яхши биламиз. Бунинг учун биз доим миннатдормиз.

[gallery-14249]

Корхона йилига қарийб 2 миллион квадрат метр профнастил ва 250 минг квадрат метр сэндвич панел ишлаб чиқариш қувватига эга. Бугунги кунда 45 та янги иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш ҳажми ортиши эвазига келгусида иш ўринлари сони ортиши мўлжалланмоқда.

Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари раислигида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилди. 

Йиғилишда Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида юз гектар ер бўш тургани қайд этилди. Президент тадбиркорлар уларга уч юз миллион доллар инвестиция киритиб, уч минг беш юзта иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққанини таъкидлади.

Демак, мамлакатимиздаги саноат зоналарида юрт истиқболи, халқ фаровонлигига хизмат қилувчи янги-янги лойиҳалар сони ортаверади.

Икром Аввалбоев, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА