English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташрифидан сўнг: Қолгандарё тажрибаси оммалашади
12:09 / 2021-07-05

Президентимиз 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда эътибордан четда қолиб кетаётган чекка ва олис ҳудудлардаги тўпланиб қолган муаммоларни бартараф этиш, ушбу ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди.

Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов давлатимиз раҳбарининг ушбу кўрсатмалари ижросини таъминлаш мақсадида Мингбулоқ туманининг энг чекка қисми – Қолгандарё маҳалласида секторлар раҳбарлари, тегишли мутасаддилар иштирокида аҳоли билан амалий мулоқот ўтказди.

– Биз Қолгандарёни бежизга танламадик, – деди вилоят раҳбари. – Энг чекка ҳудудни энг обод, энг намунали маҳаллага айлантирамиз. Энг муҳим вазифамиз эса аҳоли даромадларини орттириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришдир. Юртимизда қишлоқ аҳолисининг турмуш шароити юксалиб борар экан, назардан четда қолиб келган ҳудудларни ободонлаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш орқали одамлар розилигига эришиш бугунги кунда олдимизда турган энг долзарб вазифадир. Чекка ва олис жойлардаги маҳаллаларнинг инфратузилмаси яхшиланиши баробарида коммунал хизмат кўрсатишни талаб даражасида тизимли ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, бугун қолгардарёликларни қийнаётган муаммоларга ҳам ечим топилаётганидан аҳоли мамнун. Рўзғорни рисоладагидек тебратиш учун аввало, ичимлик суви, газ ва электр энергияси таъминоти барқарор бўлиши керак. Оила даромади масаласида ҳам қишлоқ шароитида асосан чорвачилик, деҳқончилик ва паррандачилик етакчи ўринга эга.

Ўрганишлар маҳаллада ердан, томорқадан унумли фойдаланилмаётгани кўрсатди. Маҳаллада 11 та кўча мавжуд. Уларнинг ҳар бирига биттадан банк масъул. Бунда хонадонма-хонадон иш олиб бориш зарур. Хонадонларда мумкин қадар кўпроқ турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етишитириш фойдалидир. Такрорий экинларни экиш керак. Бунинг учун барча имкониятлар ҳозирланган. Экин экиш, омилкорлик ва уй-жойларни қуриш ва таъмирлаш ишларига маблағ керак бўлса, имтиёзли кредитлар берилади. Одамларни ишбилармонликка ўргатиш бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Қолгандарё маҳалласини намунали маҳаллага айлантириш учун жами 12 миллиард 539 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади. Электр, суюлтирилган газ ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, йўлларни асфальтлаш, ёритиш тизими, мактабгача таълим ташкилотини таъмирлаш каби хайрли ишлар амалга оширилади.

Хусусан, аҳоли томонидан кўтарилган ичимлик суви масаласини ҳал этиш бўйича "Наманган сув таъминоти" раҳбариятига топшириқ берилди. Шу куннинг ўзида мавжуд тик қудуқдаги ичимлик суви гидрогеолог муҳандислар томонидан ўрганилиб, сувнинг ичишга яроқли эканлиги аниқланди. Маҳалла ҳудудида 3,5 киломтер ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлиб, аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини тўлақонли таъминлаш учун яна 6,8 киломтер. тармоқ тортиш ишлари бошланди. Шунингдек, яроқсиз ҳолга келиб қолган сув минорасини янгисига алмаштириш режалаштирилди.

Қолгандарёда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилади. Бундай “намунали маҳалла” тажрибаси туманлардаги энг чекка ҳудудларга ҳам жорий этилади.

[gallery-3024]

Оқилхон Дадабоев,

Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА