Мамлакатимизнинг ҳар-бир ҳудуди ўз “ташриф қоғози”га эга. Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри уста-ҳунармандлари билан машҳур.
Ўтган йили бу шаҳарга Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилди. Шунингдек, Марғилон Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгашининг “Ҳунарманд шаҳарлар” рўйхатига Ўзбекистондан қўшилган учинчи шаҳар бўлди. Бундай мақом Бухорога зардўзлик, Қўқонга ёғоч ўймакорлиги, Марғилонга эса атлас тўқувчилиги учун берилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 февраль куни Фарғона вилоятига ташрифи ҳудуддаги уста-ҳунармандларни руҳлантириб юборди. Ташрифдан сўнг ҳунармандлар билан суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбари қачон вилоятимизга ташриф буюрса бу заминнинг уста-ҳунармандлари билан учрашиб, дилдан суҳбатлашади, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзаҳмедов. – Бу гал ҳам шу анъана давом этди. Президент Марғилон шаҳрида амалга оширилаётган “Олтин ипак карвонсаройи” туристик маркази лойиҳаси билан танишди. Ташриф доирасида ҳамиша бирор янгиликка қўл урилади. Масалан, шу сафар Президентимиз усталарнинг миллий ҳунарларни мактабларда ўргатиш таклифини қўллаб-қувватлади. Бу миллий ҳунармандчилигимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади. Ҳунарли йигит-қизлар ҳаётда, рўзғорда қийналмайди. Шунингдек, мутасаддиларга вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш, уни тарғиб этишда кино санъатидан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. Сайёҳлар оқими ортса, биз, ҳунармандларга ҳам катта фойдаси бўлади.

Дарҳақиқат, мамлакат туризм соҳаси ривожида миллий ҳунармандчиликнинг ҳам ўз ўрни бор. Қадимий ипакчилик шаҳри Марғилонда ўн мингдан ортиқ аҳоли вакиллари ҳунармандчилик билан шуғулланади. Хусусан, 565 нафар ҳунарманд «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлиб, миллий матолар – адрас, атлас тайёрлаш ва улардан тикувчилик буюмлари ишлаб чиқариш, ёғоч ўймакорлиги, дўппидўзлик, тўнчилик, темирчилик, мисгарлик каби йўналишларда фаолият юритмоқда.
Шу кунларда “ABR matolari” кооперативи томонидан ташкил этилаётган “Олтин ипак карвонсаройи” туристик маркази лойиҳаси якунланиш босқичида.
– Марказда меҳмонларга миллий ҳунармандлик маҳсулотлари тайёрланиш жараёни, тайёр буюмлар намойиш этилади, – дейди “Олтин ипак карвонсаройи” туристик маркази лойиҳаси раҳбари, ҳунарманд Иброҳимжон Султонов. – Бу лойиҳамизнинг умумий қиймати 10 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Марказимиз тўлиқ ишга тушса 150 та янги иш ўрни яратилади. Мажмуанинг биринчи қаватида ипак гиламлари тўқиш, каштачилик, мисгарлик, миллий дўппи, тўнчилик ва мато тайёрлаш йўналишидаги ҳунармандлар жойлаштирилган. Иккинчи қаватида 11 та хонадан иборат, жами 30 ўринли қадимий услубдаги карвонсарой ташкил этилган. Карвонсаройда сўнгги таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.
Истиқболда мажмуа бир йилда 10 мингдан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатиши режалаштирилмоқда. Бу ерга келган киши ўзини бир неча аср аввалги марғилонликлар хонадонига тушиб қолгандек ҳис этади. Сайёҳ шу жойда ўзи харид қиладиган миллий ҳунармандчилик маҳсулотининг қандай дастгоҳларда ва қай даражада қўл меҳнатида тайёрланаётганини ўз кўзи билан кўради. Шунингдек, бу ерда ипакчилик ва ҳунармандчилик йўналишидаги тарих музейи ҳам ташкил этилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lJAk0HVSFjA" title="Президент ташрифидан сўнг: Миллий ҳунармандчилик ва туризм соҳасига эътибор ортмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Мобил репортаж
Президент туристик марказ билан танишиш, ҳунармандлар билан суҳбат асносида ҳозирги юксак технологиялар асрида мана шундай оддий, самимий жойларни одам соғинишини алоҳида таъкидлади.
Фарғона вилоятида бугунги кунда йигирмата Ҳунармандлар маркази фаолият кўрсатмоқда. Улар бугун юртимизга келаётган сайёҳларнинг севимли масканига айланган. Бу марказларда турли хил ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Навқирон ва кўҳна Марғилон шаҳрида сайёҳлик манзиллари сони бугун яна биттага ортаётгани қувонарли.
Президент ташрифи Фарғонада бошқа соҳалар қатори ҳунармандчилик йўналишида ҳам ўзига хос ривожланишни бошлаб берди. Зеро, бу маданиятни тарғиб қилиш масаласи фарзандлар тарбияси ва ҳудуд донғини таратишга дахлдордир.
Икром АВВАЛБОЕВ, Ёқубжон МЕЛИБОЕВ(видео), ЎзА