Андижон туманидаги Садда таги маҳалласи яқин йилларгача йўллари яроқсиз, тунги ёритқичлари йўқ, болалар боғчасига эҳтиёжи бор ҳудуд эди. Электр трансформаторлар умрини ўтаб бўлгани, айрим кўчаларга ичимлик суви ташиб келингани одамларнинг яна бир ташвиши бўлган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, қишлоқ ва маҳаллалардаги йўл инфратузилмаси, коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Жойларда аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этишга эътибор ортди.
Турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар Садда таги маҳалласида ҳам ўз ифодасини топди.
Президент Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи доирасида ушбу маҳаллада ҳам бўлди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва ҳудуд мутасаддилари билан суҳбатлашди.
Бугун бу маҳалла мисолида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар Андижон бўйлаб янги босқичга кўтарилди.
– Президентимиз ташрифидан барчамиз жуда мамнун бўлдик, – дейди маҳалла раиси Сарвиноз Қодирова. – Маҳалламизни янада обод, одамларни рози қилиш учун нималарга аҳамият қаратишимиз лозимлиги ҳақида топшириқлар олдик. Биз бир нарсага амин бўлдик, давлат раҳбари ҳар бир ҳудуд аҳолиси барча қулайликларга эга шароитларда яшашини чин юракдан истайди. Бунинг учун ҳамма имкониятларни яратиб бермоқда.
Маҳалламизда 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Садда тагида кўп қаватли аҳоли турар жойлари йўқ, ҳовли типидаги 660 та хонадон мавжуд. Шундан келиб чиқиб, аҳоли ҳар бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилади. Президент бу борадаги ишларни янада яхши ташкил қилишимиз учун нималарга аҳамият қаратишимиз лозимлигини таъкидлади. Масалаларни ўз вақтида ҳал қилиш учун мутасаддиларга топшириқлар берди. Бу топшириқлар фақат Садда тагининг равнақи учун эмас, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ривожи учун ҳам муҳим деб ўйлайман.
Садда таги маҳалласи биноси ўтган йили янги қурилди. Шунингдек, 1,5 километрлик велосипед йўлаги ташкил этилди. Маҳаллага ажратилган маблағ ҳисобидан жами 21,5 минг квадрат метр ички йўл ва пиёдалар йўлакларига асфальт ҳамда цемент-бетон ётқизиш ишлари амалга оширилди. Чек ва Янги турмуш кўчаларининг маҳалла ҳудудидан ўтган 2,5 километр қисми реконструкция қилинди.
Бугунги кунда маҳалланинг драйвери иссиқхона ва деҳқончилик ҳисобланади. Кейинги йилларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида паррандачилик, узумчилик, интенсив технологиялар асосида балиқ етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида мавжуд 1 та текстиль корхонаси, 3 та озиқ-овқат дўкони ва 2 та автомобилларга хизмат кўрсатиш устахонаси каби тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари сонини оширишга аҳамият берилмоқда.
Президент маҳалла аҳли билан суҳбатда аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига эътибор қаратар экан, Андижон аҳолиси жуда зич жойлашган ҳудуд эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Маҳалладаги Диёрбек Мамадалиевлар уйида ҳам беш оила яшайди. Хонадон ҳовлисида тажриба тариқасида замонавий йиғма уйлар қурилган. Президентнинг шу хонадонда меҳмон бўлгани, янги уйнинг қулайликлари ҳақида мезбонлар билан суҳбатлашганини маҳалла аҳли ўзаро суҳбатларда кўп йиллар эслаши шубҳасиз.
– Бундай йиғма уй-жойлар ҳамёнбоп, иссиқ-совуққа ҳамда ёнғинга чидамли. Шовқин ўтказмайди, – дейди вилоят маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тўланов. – Аҳоли тадбиркорлик билан шуғулланса, даромад топса бундай уйлардан ипотека кредити асосида сотиб олса бўлади. Тўлов қобилияти жуда юқори бўлиши шарт эмас. Шу йўналишда фаолият олиб борадиган тадбиркорлар билан гаплашдик. Уйларнинг бир квадрат метрининг нархи 2 миллион 200 минг сўмдан бошланади. Жиҳозлари билан 3 миллион сўмгача бўлади. Бу нарх аҳолига анча қулай. Президент бу тажрибани вилоятнинг ҳар бир ҳудудида оммалаштиришни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, Президент бу борадаги лойиҳаларни ўрганиш, самаралиларини ҳаётга татбиқ этиш кераклигига аҳамият қаратар экан қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
Президентнинг ҳар бир ташаббуси – амалда. Бугун маҳаллада ижтимоий дафтарлар – “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган оилалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалланинг ҳар бир вакили бўш вақтини самарали ўтказишини таъминлаш, доимий иш ўринларини яратиш турмуш даражасини оширади. Бундан ташқари, турли ҳуқуқбузарликлар содир этилиши камайишига хизмат қилади. Бу фикрлар тасдиғини маҳалла ҳудудида ўтган йили бирорта ҳам жиноят содир этилмаганлигида ҳам кўриш мумкин.
Аҳоли Президент ташрифидан осмон қадар руҳланган, давлатнинг одамларга бефарқ эмаслигини юракдан ҳис қилмоқда. Бугун садда тагиликлар ўз маҳаллаларининг янада обод гўшага айланиши ҳақида ишонч билан гапиришмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА