Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташрифидан сўнг барча тиббий муолажалар бепул амалга оширилмоқда
17:14 / 2021-11-30

Жорий йилнинг 14 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрган эди.

Ушбу марказ аҳолига гематологик ва трансфузиологик ёрдам кўрсатиш, шундай касалликларнинг олдини олиш ва уларни даволаш, гематология соҳасида илмий изланишлар олиб боришга ихтисослашган. Марказда юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия усуллари амалиётга жорий этилган.

Президентимизнинг 2020 йил 10 февралдаги қарорига асосан, 2020−2024 йилларда гематология соҳасини ривожлантириш учун 546 миллиард сўмдан зиёд ва қарийб 71 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. 2021 йилда эса  91 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилгани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, мазкур маблағлар ҳисобидан шифохоналар дори воситалари, тиббий буюмлар, реактив ва реагентлар билан таъминланмоқда. Шунингдек, гематология хизмати моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволашни такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Тошкент вилоятининг Юқори-Чирчиқ туманида яшовчи Беркбўл Сатторов ҳам 4 ёшидан бери ушбу шифохонада даволаниб келади. Беркбўл ҳозир 11 ёшда. Унга тумандаги 18-умумтаълим мактаби ўқитувчилари уй таълими асосида дарс беришади.

Мазкур мактабнинг биология фани ўқитувчиси Гулнора Кусанова билан биргаликда Беркбўлнинг уйига бориб, дарс жараёнларини кузатдик. Бизни Беркбўлнинг онаси Алия Толипова кутиб олди.

– Ўғлим соғлом дунёга келган, – дейди Алия Толипова. – Тўрт ёшга етганида томоғи тез-тез оғриб, оёқларида кўкариш пайдо бўла бошлади. Туман шифокорларига кўрсатсак, гемотология илмий-амалий тиббиёт марказига боришни тавсия қилишди. Марказга бориб, текширувлардан ўтдик.  Таҳлил натижаларига қараб, шифокорлар оққон ташхисини қўйишди. Мана 7 йилдан буён боламнинг умри шифохонада ўтади. Ҳар ҳафта таҳлил топширамиз, натижаларга қараб химиотерапия оламиз. Ойнинг ўн беш кунини шифохонада, ўн бешини уйда ўтказади.  

Илгари ҳар бир химиотерапияни дозасига қараб 300-400 АҚШ доллари ҳисобида ўз чўнтагимиздан тўлаб олганмиз. Боламнинг муолажаси учун ҳар доим кимдандир қарз олишга тўғри келарди. Ҳаттоки шприцгача ўз ҳисобимиздан сотиб олардик.  Шу йилнинг 14 май куни Президентимизнинг марказга ташрифидан сўнг барча муолажалар бепул амалга оширилмоқда. Ҳозир ҳар ўн беш кунда шифохонада ётиб, бепул химиотерапия олиб қайтамиз. Бемор болалар учун ҳам, уларнинг ота-оналари учун ҳам барча шароитлар етарли.

– Ўғлингиз билан бирга кўп вақт шифохонада бўласизлар, дарсларига қандай улгурасизлар?

– Шифохонадан чиққан кунимиз мактабга қўнғироқ қилиб, келганимизни айтаман. Эртаси кундан бошлаб ўқитувчилар уйга келиб, дарс ўтиб кетишади. Шифохонада тўшакка михланиб ётадиган беморларни ҳам кўрдим. Уларнинг яқинларига сабр ва шифо берсин, дейишдан бошқа иложим йўқ. Ўғлим ўз оёқлари билан юриб, қўллари билан ручка тутаётгани, китоб ўқиётганига ҳам шукр қиламан.

– Ўғлингизни руҳиятини кўтариш учун кўпроқ қайси фанларга урғу бериш керак, деб ўйлайсиз?

– Бу касалликка чалинган болаларни кўпроқ мусиқага ошно қилиш керак экан. Чунки мусиқа уларнинг асаб толаларига ижобий таъсир қилиб, касалликни унутишига ёрдам берар экан. Америкалик бир бола скрипка чалишни бошлаганидан сўнг шу касалликни енггани ҳақида эшитиб қолгандим. Ўғлимга дўмбира сотиб олиб берганмиз, баъзида ўзи чертиб ўтиради. Устозлари мусиқа фанини кўпроқ ташкиллаштириб беришса дегандим...

Қизиқишларини билиш мақсадида Беркбўлга юзландик.

– Беркбўл қайси фанларни  яхши кўрасан?

– Расм дарси билан математика фанини яхши кўраман.

– Кўпроқ қандай расмлар чизасан?

– Уйларнинг расмларини чизишни, эртак китоблар ўқишни яхши кўраман. Даволанаётган пайтларим кўпинча онам китоб ўқиб беради.

— Келажакда ким бўлмоқчисан?

— Стоматолог.

Биз ҳам сен ва сен каби бемор болаларни тезда соғайиб, оёққа туриб кетишларини чин қалбимиздан хоҳлаймиз.

Қуйида Беркбўлнинг ўқитувчиси билан дарс жараёнларидан олинган видеолавҳани ҳам кўришни тавсия этамиз.

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/jA9pkbIWOwQ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Нигора Раҳмонова,

Нишонбой Абдувоитов, ЎзА