Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига навбатдаги ташрифи ҳам ҳар доимгидек жуда самарали ва халқ кутган янгиликларга бой бўлди. Фарғона ва унинг меҳнаткаш аҳолиси ҳақида гапирганда, тилимизга шундай эътироф келади: водийликлар уддабурон, тошлоқ ерда ҳам жаннатмонанд мўъжиза ярата оладиган, кейин жуда дидли, меҳмондўст инсонлар. Шунингдек, Фарғонани чойхонасиз тасаввур қилиш қийин. Ҳозир сизнинг кўз олдингиздан ҳам дўппидеккина паловхонтўра ва аччиқ чой устида дилкаш гурунг давраси ўтган бўлса, не ажаб.
Ана шу манзаранинг ҳам мустаҳкам асослари бор. Қандай, дейсизми? Келинг, яхшиси бу саволга Президентимизнинг вилоятга ташрифи ҳақидаги мулоҳазаларимиз билан жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
12 май. Фарғонага келган Давлатимиз раҳбарини водий аҳолиси зўр умид ва катта ишонч билан кутиб олди. Уларнинг қалбида фаровон ҳаётга бўлган ишонч мустаҳкам эди. Яратувчанлик иштиёқи эса, халқчил ислоҳотлар фонида янада жозиба касб этади.
Олтиариқлик уста-деҳқонлар минг гектар адирликда сўлим боғ яратибди. Илгари бу ер ҳеч нарса экилмайдиган, бир гиёҳ кўкартириб бўлмайдиган жойдек туюларди. Шу ерда Президентимиз фарғоналикларга таъриф берар экан, “...одамлар дунёқараши ўзгаряпти”, деди мамнуният билан. Ҳа, бу — бор гап. Янги Ўзбекистон одамлари ўзгарган. Улар ҳеч бир воқеа-ҳодисага эътиборсиз эмас, давлат ва жамият бошқарувида ҳам оддий одамларнинг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олинмоқда. Натижа кўз ўнгингизда: мамлакатда инсон қадри ҳамма нарсадан устун бўлди. Давлат халққа хизмат қила бошлади. Одамлар ҳаракатга келди. Илгари бўлиши мумкин эмасдек туюлган ўзгаришлар бўляпти. Фуқароларимиз кайфияти кўтарилган. Кўтаринки кайфият эса, кишини эзгу ва катта ишларни бажаришга ундайди. Олтиариқдаги минг гектарлик боғ ҳам ана шу ҳаётдан розилик ҳисси билан яратилганига шубҳа йўқ.
Президентимиз фарғоналиклар билан учрашувида “Биз Фарғонадан катта натижалар кутамиз. Бу эл тарихдан илм-фан, маданият, ҳунармандлик бўйича намуна бўлган. Фарғоналиклар меҳнатсевар, ишбилармон. Бу салоҳиятни, ички имкониятларимизни тўлиқ йўлга қўйиб, халқимизни рози қилишимиз керак”, деди.
Мана шу эътироф тўла гапнинг ўзи алоҳида бир мавзу. Бу ҳақда гапиришдан олдин шу олий даврада Давлатимиз раҳбари айтган бир ўткир фикр ҳамиша ёдимизда туриши кераклигини ҳис қиламиз. Унинг мазмуни шундаки, Ўзбекистон мустақиллиги ишончли ва адолатли. Бизнинг ички ишимизга ҳеч кимнинг аралашишга ҳаққи йўқ. Ўз муаммоларимизни ўзимиз ҳал қилишга қодирмиз. Бунга бугунги ислоҳотларнинг ёрқин руҳи исбот бўлади.
Мана шу шавкатли йўлда Фарғона бўладими, Бухоро-ю Самарқанд бўладими, барча ҳудудлардаги янгиланишлар димоғимизни чоғ қилиши ҳам бор гап. Шу ўринда, юқорида айтганимиздек, фарғоналиклар эришган фаровон ҳаётнинг бахтли асоси ҳақида гапирсак.
Биринчиси — меҳнат. Ҳалол меҳнат. Ҳалоллик бўлган жойда ризқ-барака, энг муҳими хотиржамлик бўлади.
Иккинчиси — хотиржам тараққиёт. Ҳар ишда мақсад ва аниқ режа бўлиши керак. Узоқни кўзлаб ҳаётга тадбиқ этилаётган мақсадларга эришиш, замон талабини, иқлим шаротини ҳисобга олиб қилинган иш, саъй-ҳаракат маҳсули, албатта, хотиржам тараққиётга йўл очади.
Учинчиси — халқнинг ички маданияти, руҳоний юксаклик. Бу йўл эзгуликларга бошлайди. Ният тоза бўлади. Тоза ният билан бошланган ҳар бир ишда унум бўлади, барака инади.
Тўртинчиси — ёшлар тарбияси, билимга, илмга интилиш саодати. Фарғоналик ёшларнинг ҳар бири бир олам. Рости уларнинг интилишига, фикрлашига ҳавас қиласиз. Бу ҳолат Президентимиз эътиборидан четда қолмади.
Касб-ҳунар ўрганаётган ёшлар, хотин-қизлар билан суҳбатда “Ўқиш, изланишга ҳеч қачон кеч эмас. Келиб, касб ўрганаётганингиз эртанги кунингизга бефарқ эмаслигингиздан далолат. Бироз қийин бўлар. Лекин ўзингизни, фарзандларингиз келажагини ўйласангиз, шунга қунт қилинг. Қийинчилик ўтиб кетади, сиз бойлик яратаяпсиз”, деди.
Шу чоғда Президент билан учрашган ёшлар ва хотин-қизларнинг барчаси ҳаётни янада фаровонлик сари буришга интилаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Бешинчиси — оқибат. Халқимиз — оқибатли. Бундай элда эътиқодлар мустаҳкам бўлади. Бу элнинг одамларини енгиш ҳам, тобе қилиш ҳам мумкин эмас.
Мана фарғоналиклар тимсолида бугунги фаровон ҳаётимизнинг мустаҳкам асосларини санаб ўтдик. Бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистонда эришаётган барча ютуқларимиз замирида шу хислатлардир. Бу жиҳатлар Президентимизнинг Фарғонага ташрифида янада яққол намоён бўлди. Биз ишонамизки, бундай ислоҳотлар бутун мамлакат бўйлаб доим бардавом бўлади.
Равшан Расулов,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия
ва спорт университетининг Фарғона филиали директори
ЎзА