Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуслари – ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор
15:26 / 2026-02-25

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча ёшлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалар мамлакатимизда ёшлар сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди. Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик ва инновацион фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур стратегик ёндашув олий таълим муассасалари зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Зеро, юртимиз тараққиётини таъминлайдиган билимли, ташаббускор ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш бевосита таълим тизими самарадорлигига боғлиқ.

Шу нуқтаи назардан, Фарғона давлат университетида ҳам Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, ёшлар сиёсати самарадорлигини янада ошириш борасида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда 22 миллиондан зиёд ёшлар улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч сифатида эътироф этилди. Ушбу юксак ишонч таълим муассасалари, хусусан, олий таълим тизими зиммасига янада катта масъулият юклайди.

Бугунги кунда Фарғона давлат университетида 30 ёшгача бўлган 22 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Кейинги йилларда университет ёшларининг ютуқлари изчил ошиб бормоқда. Спорт соҳасида чемпионлар сони 153 нафардан 207 нафарга етди, Ёшлар Пара Осиё ўйинларида 10 та медал қўлга киритилди.

[gallery-27856]

Инновацион фаолият йўналишида 13 та стартап лойиҳаси орқали қарийб 9,8 миллиард сўм инвестиция жалб этилди. “Бўлажак олим” танловида 1 миллиард сўмдан зиёд грант маблағлари ютилди. Халқаро фан олимпиадаларида 7 та кумуш ва бронза медал қўлга киритилди. Замонавий иссиқхоналар ҳамда “Асаларичилик” ва “Чорвачилик” коворкинг марказларида дуал таълим йўлга қўйилгани назария ва амалиёт уйғунлигини таъминламоқда.

Ўтган ўқув йили 7 845 нафар битирувчининг 97 фоизи меҳнат бозорига кириб борди. Бу кўрсаткич университетда таълим сифатини ошириш, талабаларни касбий жиҳатдан тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини намоён этади.

Эндиликда университетимизда талабалар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими жорий этилади. Таълим ва тарбия сифатини янада ошириш, хорижий илғор технологияларни жалб қилиш, замонавий лабораториялар ва коворкинг марказлари фаолиятини кенгайтириш устувор вазифалардан бири этиб белгиланди.

Талаба-ёшларимиз бандлигини таъминлаш мақсадида “Келажакка қадам” дастурлари асосида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Университетда “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилиб, талабаларга ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича амалий кўмак берилади. “Янги авлод тадбиркорлари” дастури кенг татбиқ этилади.

Шунингдек, ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” сифатида белгиланиб, ушбу кунда ёшларнинг таълим олиши, спорт билан шуғулланиши, касб ва тил ўрганиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига қаратилган тадбирлар ташкил этилади. Энг яхши томорқачи, фермер, стартапчи, ижодкор ва бошқа соҳалардаги ёшлар ўртасида танловлар ва ярмаркалар ўтказиш режалаштирилган.

Хорижий тил сертификатига эга талабаларни қўллаб-қувватлаш, дастурлаш, сунъий интеллект ва робототехника йўналишларида иқтидорли ёшларни рағбатлантириш ишлари янги босқичга олиб чиқилади. Стартап ва илмий лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, университетимизда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантириш, китобхонликни тарғиб этиш мақсадида “Ректор соврини” ва “Факультет декани соврини” танловларини ўтказиш кўзда тутилган. “Келажак фермерлари” экспериментал жамоалари ташкил этилиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Қайд этилганидек, Фарғона давлат университетида амалга оширилаётган мазкур ташаббуслар ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, уларни билимли, ташаббускор ва рақобатбардош кадрлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори, профессор.

ЎзА