Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси ўз самарасини бермоқда
09:42 / 2022-05-18

Бу йил юртимиздаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ташкилий тузилмаси ва фаолиятида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди.

Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли лавозимлари жорий этилди. Айни пайтда эса фуқаролар йиғини раиси сайлови давом этмоқда. Тез орада бу жараён ҳам якунига етиб, маҳаллалар янгича асосда иш олиб боради. Албатта, бу янгилик ва ўзгаришлар аввало ҳудудлар ривожига хизмат қилиши, аҳоли турмуш тарзи, ҳаётида ўз аксини топиши лозим.

Самарқанд вилоятидаги 1126 маҳаллада ҳам бугун тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга энг устувор вазифаси сифатида қаралмоқда. Вилоят маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўрт ойида оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 8 минг 316 нафар жисмоний ва юридик шахсга 232,5 миллиард сўм кредит ажратилган. Шунингдек, 1 минг 444 нафар фуқарога 1,8 миллиард сўм субсидия берилган. 

Мисол учун, Тайлоқ тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчисининг тавсияси асосида шу маҳаллада яшовчи Раҳима Амоновага таълим хизмати, яъни уй боғча фаолиятини йўлга қўйиши учун Халқ банки томонидан 32 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Айни пайтда фуқаро ўз хонадонида оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил этиб, 2 нафар ишсиз фуқаро бандлигини таъминлади. Пайариқ тумани Гўзал маҳалласида яшовчи ҳунарманд Тўлқин Зафаров эса ҳоким ёрдамчиси кўмагида “Агробанк” туман филиалидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, фаолиятини кенгайтирди ва ёнига тўрт нафар ишсиз фуқарони олиб, уларга ҳунар ўргатмоқда. 

– Маҳаллаларида аҳолини тадбиркорликка ўргатиш, бандлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ишлар натижасида биргина апрель ойида қарийб 15 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшид Ўроқов. – Уларнинг 2100 нафари доимий ишга жойлашган бўлса, 12 минг 537 нафари ўзини-ўзи банд қилган, 319 киши ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган. 

Ҳоким ёрдамчилари фаолият бошлаб, хонадонларни хатловдан ўтказиш жараёнида маҳаллалар инфратузилмасига ҳам эътибор қаратилди. Натижада вилоятдаги 473 та маҳаллада сув таъминоти ва суғориш тизими, йўл, электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш масалаларида муаммолар борлиги аниқланиб, маҳаллалар кесимида “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Айни чоғда йўл хариталарида белгиланган вазифалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, Ургут тумани учинчи сектор ҳудудидаги Мўминобод маҳалласида 1 километр ички йўлларга тош-шағал ётқизилди, 1 та сув иншооти қурилиб, 5 километр сув тармоғи тортилди. 2 та сув иншооти таъмирланди. Бундан ташқари, 1 та янги трансформатор ўрнатилиб, 1,3 километр электр тармоғи тортилди. Бу каби ишлар Каттақўрғон туманининг Олмазор ва Найман маҳаллаларида ҳам амалга оширилди.

Маҳаллаларни ихтисослаштириш, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам маҳаллабай ишлаш тизимининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Ушбу йўналишда вилоятда деҳқончилик ва боғдорчиликка ихтисослашган маҳаллаларни “лидер” тадбиркорлар орқали ривожлантириш бўйича амалий ишлар бошланди. Хусусан, Пайариқ туманида узумчилик, чорва ва паррандачиликка ихтисослашган 13 та маҳаллада “лидер” тадбиркорлар ёрдамида аҳоли бандлигига кўмаклашилмоқда. 

– Бизнинг ҳудудимизда боғдорчилик, яъни майиз тайёрлаш яхши ривожланган, деярли ҳар бир хонадон шу фаолият билан шуғулланади, – дейди Пайариқ туманидаги “Деҳқонобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Содиқ Холбўтаев. – Аҳоли майиз маҳсулотларини асосан бозорда сотади ёки тадбиркорларнинг ўзлари келиб олиб кетади. Агар шу маҳсулотни ўзимиз тозалаб, саралаб сотсак даромад яна ҳам кўп бўлади. Шу мақсадда маҳалламиздаги “Файзулла бобо сервис” оилавий корхонаси томонидан майизни қайта ишлашга мўлжалланган кооперация ташкил этилди. Лойиҳага Халқ банки Пайариқ филиали томонидан 580 миллион сўм кредит ажратилди. Ягона миллий меҳнат тизими орқали 38 нафар фуқаро ёлланма ишчи сифатида рўйхатдан ўтказилиб, бандлиги таъминланди.

Шу тарзда вилоятдаги чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган 700 га яқин маҳаллада ҳам аҳолининг тадбиркорлик қилиши, доимий даромад манбаига эга бўлишига ёрдам берилмоқда. Жумладан, шу пайтгача 611 та маҳаллада аҳолига 1387 та инкубатор, 481 маҳалладаги 1,6 минг хонадонга 20 тадан 100 тагача хонаки товуқ, 211 маҳалладаги 339 хонадонга 6614 та асалари уяси, 505 маҳаллада 1861 хонадонга 20535 бош қўй ва эчки, 174 та маҳаллада 287 хонадонга 6675 бош қуён тарқатилди. Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатпазлик каби уй шароитидаги кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтириш мақсадида 44 та маҳаллага туташ ҳудудда микромарказ ташкил этиш ишлари бошланди. Бу марказларнинг 5 таси ишсизлик даражаси юқори бўлган Ургут туманидаги Ғўслик ва Кулоллик маҳалларида ташкил этилмоқда.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 309 маҳалла хизматлар соҳасига ихтисослашган. Апрель ойининг ўзида қишлоқларда шаҳарлардаги мавжуд хизматларни имкон қадар йўлга қўйиш мақсадида аҳолиси 20 мингдан ошадиган маҳаллалар учун, камида биттадан маҳаллалараро чакана савдо ва хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этиш бўйича 73 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланди. Вилоят маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари томонидан шу пайтгача жойларда фойдаланилмай турган 400 га яқин бино аниқланиб, уларнинг негизида 100 дан ортиқ кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолияти йўлга қўйилди. Масалан, Ургут тумани Дўстлик маҳалласида бўш турган бино ҳомийлар томонидан таъмирланиб, касб-ҳунарга ўқитилган ишсиз фуқаро Азизжон Қўйсиновга берилди. Унга “Микрокредитбанк” Ургут филиалидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиш орқали темирдан уй-рўзғор буюмлари ясаш фаолиятини бошлаши учун имконият яратилди. Ҳозирда ушбу ҳунармандчилик цехида А.Қўйсинов билан бирга уч нафар ишсиз ёшлар меҳнат қилмоқда. 

Умуман бугун вилоятда маҳаллабай ишлаш тизими орқали бошланган ишлар ўз самарасини бермоқда. Тўғри, ҳамма жойда ҳам ҳоким ёрдамчиларининг иши талаб даражасида эмас, лекин амалий ишлар бошланган, ёрдамчилар ҳам, аҳоли ҳам ўз вазифасини англаган ҳолда фаолият олиб боришга интилмоқда. Муҳими ҳам шу, аслида.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА