Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси ўз самарасини берди: 22 нафар бола соғлом ҳаётга қайтди
18:16 / 2023-08-19

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Зарафшон шаҳар ҳокимлигидан “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ раҳбариятига мактуб келди. Унда комбинат томонидан қуриб берилган “Умид” реабилитация марказида 22 нафар болажонлар соғлом ҳаётга қайтгани айтилиб, бунинг учун корхона жамоасига миннатдорлик билдирилган. Ушбу мактуб бизни меҳр маскани сари етаклади...

Янги Ўзбекистонда инсон қадрига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада мустаҳкам қонунчилик асослари яратилган. Ҳеч ким давлатимиз ғамхўрлигидан четда қолаётгани йўқ, қолмайди ҳам. 

Президентимиз ташаббуси билан Зарафшон шаҳрида барпо этилган ва 2022 йилдан ўз фаолиятини бошлаган “Умид” реабилитация маркази чин маънода меҳр масканига айланди. Кўп тармоқли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари бугун соғлом ҳаётга қайтаётганлиги қанчадан-қанча оилалар, ота-оналарга қувонч, умид бахш этаётгани айни ҳақиқат. 

Ҳозирда бу масканда ҳаракатида нуқсони бор, икки ёшдан етти ёшгача бўлган 78 нафар болажонлар тарбияланмоқда. Бу ерда машғулотлар ва муолажалар олиб бориш хоналари, ётоқхона, ошхона, махсус спорт майдончалари, амфитеатр болажонлар ихтиёрида. Барча зарурий жиҳоз ва мебеллар, турли ўйинчоқлар билан таъминланган.

Умидли иш умидсиз бўлмас

Ўтган йили мақола тайёрлаш учун бу масканга борганимда муассасани амалда фаолият кўрсатаётган боғчалардек, деб ўйлагандим. Меҳр масканига кириб борар эканман, бу ерда тарбия топаётган болажонларни кўриб, қалбим титраб кетди. Она бўлганим ёки бундай ҳолга биринчи марта дуч келаётганим сабабми, кўз ёшларимни тийиб туролмадим. 

Шу куни баъзи болажонларнинг ота-оналари ҳам келган экан. Қайси бири боласини бағрига босган, бошқаси фарзандининг кўнглини кўтариш билан банд. Бир онаизор эса кўзлари жовдираб, аравачада ўтирган қизчасига маъюс боқиб, қалбининг туб-тубидан йиғларди. 

Онанинг аҳволини тушунаман. Фарзанди ранг-рўйи, кайфиятини кўриб, унинг кўнглига қил сиғмайди. Фарзанднинг меҳрибонлари бағрини қувончга тўлдириб, тенгқурлари қаторида ўйнаб-кулиб, баркамол вояга етиш даврида шундай қисматга дучор бўлиши оила учун оғир. 

Кўрганларим юрагимга тиғдай санчилди. Бу ерда қолишга куч топа олмадим. “Ўзинг меҳрибонсан аллоҳим, бу мурғак қалбларга шифо, ота-оналарига қувонч бахш эт”, дея турли ўй-хаёллар, зил-замбил таассуротлар билан ишхонамга қайтганман. Ҳар гал бу маскан ёнидан ўтганда кимлардандир азиз болажонларимиз ҳақида эшитганда, уларга шифо тилайман. Ич-ичимдан: “Ўксима болажон, сен давлатимиз ҳимоясидасан!” деган нидо отилиб чиқади. Шодумон бир кун келиб, болажонлар соғлом ҳаётга қайтишига ишонардим. 

Болаларга беринг дунёни

Кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида 22 нафар болажонлар соғлом ҳаётга қайтгани ҳақидаги қувончли хушхабар мени яна ушбу маскан томон етаклади. 

–  Албатта, болаларни соғлом ҳаётга қайтариш тиббиёт, таълим-тарбия соҳасидаги катта натижа. Бу, қанчадан-қанча оилага бахт-саодат, шодлик, қалбларга нур олиб кирганини биласизми!? Ҳар бир тарбияланувчини меҳр билан бағримизга олиб, ўзимизнинг фарзандимиздай қараб, даволаб, тарбиялаб келяпмиз. Бу ерда болажонларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасдан, давлатимиз ардоғида яшамоқда, – дейди ташкилот раҳбари Дилафрўз Файзиева. – Давлатимиз раҳбарига, буни қуриб берган Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти ва қурувчиларига катта раҳмат, шундай кенг имкониятларни яратиб бергани учун.

Дарҳақиқат, замонавий кўринишдаги кўркам таълим-тарбия масканига Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларидан имконияти чекланган болалар қабул қилинмоқда. Бир пайтлар мазкур ҳудудлардаги болалар Навоий шаҳрида жойлашган махсус боғчаларга олиб борилар эди. Бу эса, ўз навбатида ота-оналар ва болалар учун анча қийинчилик ва сарсонгарчиликлар келтириб чиқарарди. Энди эса болажонларимизни узоқ масофага қатнашларига ҳожат йўқ. 

Бу ерда болажонлар учун барча нарса муҳайё. Футбол майдончаси, қишки ва ёзги махсус бассейн, сунъий қопламали болалар майдончаси, югуриш майдончаси, соябонли шийпонлар, катта экранли кинотеатр зали уларнинг ихтиёрида. Муассасанинг физиотерапия, офтальмолог, массаж, сенсор терапия, майда моторика, психолог, ижтимоий мослашув, эртак терапия хоналари, аудио синф, даволаш, жисмоний тарбия ва тадбирлар заллари, ётоқхона ва ўқув хоналари дунёнинг ривожланган мамлакатларида ишлаб чиқарилган махсус дидактик материаллар, тиббий-ортопедик асбоб-ускуналар, тренажёрлар билан таъминланган. Буларнинг барчаси жажжиларнинг кўриш, эшитиш, нуқсонларини бартараф этишга хизмат қиляпти. 

Ўйин хоналари махсус конструкцияли мебеллар билан жиҳозланган, лифтлар ўрнатилган. Амалий машғулотлар, муолажалар, жисмоний даволаш каби жараёнларда дефектолог, сурдопедагог, психолог, физиотерапевт, педиатр, отоларинголог, невропатологлар бор маҳоратини ишга солиши натижасида дастлаб таянч ҳаракат тизимида нуқсони бўлган тўрт нафар болаларимиз шифо топди. Улар ҳозирда ҳеч кимнинг кўмагисиз соғлом тенгдошлари қатори юряпти. 

Буни тасаввур қилиш қийин. Саккиз нафар тарбияланувчи тўлиқ соғломлаштирилиб, давлат боғчаларига кўчирилди. Худди шундай соғломлаштирилган олти нафар болажонлар эса ота-оналари бағрига қайтарилди. Улар янги ўқув йилидан 1-синфга ўқишга боради. Шунингдек, оғир даражадаги иккитадан ортиқ касалликлари бўлган тўрт нафар болажонлар ҳам реабилитация усулида даволаниб нуқсонлари бартараф этилди ва соғлом ҳаётга қайтарилди. 

Албатта, жамоа ҳар бир аъзосининг астойдил меҳнати, болаларга чексиз меҳр-муҳаббати туфайли сўз билан ифодалаш қийин бўлган шундай қувончли натижага эришилганлиги турган гап. Энг хайрли ишларга бош қўшаётган, эзгулик, одамларга қувонч улашиш мақсадида вақт билан ҳисоблашмай, энг муҳими, катта ишонч, умид, қунт ва сабот билан меҳнат қилаётган фидойи инсонлардан бири психолог Насиба опа Ёдгоровадир. Ўз соҳасининг билимдони, болажонларнинг севимли “онажониси” бўлган бу инсоннинг хизматлари ҳақида ота-оналар, ҳамкасблари доимо илиқ фикрлар билдиради. 

– Ишимни виждонан бажаришни ёқтираман, – дейди Насиба опа. – Жисмонан заиф болажонларни ҳаётга қайтариш, оёққа турғазиш нақадар машаққатли ва айни пайтда кўнгилга беҳисоб ҳузур бағишлайдиган иш эканлигини ҳар ким ҳам тасаввур қила олмайди. Шу боис парваришга, эътиборга муҳтож болажонлардан меҳримни асло аямайман. Тажрибамда уларни бадантарбия қилдириш, ҳаракат кўникмаларини ривожлантириш, бола онгини ўстиришга хизмат қиладиган турли дидактик ўйинлар, ўқув-тарбиявий машғулотларни ташкил этиш муваффақият омили эканлигига амин бўлганман. Айтишадику, боланинг бегонаси бўлмайди деб. Шундай экан, бу ердаги болажонларнинг ҳеч бири бегона эмас, фарзандларимдек азиз.

Марҳабо опанинг севинч ёшлари

Шу куни бу масканда даво топган қизини олиб кетишга келган Марҳабо опа Тўхтаева билан суҳбатлашишга муяссар бўлдим. 

– Қизим даун синдроми дардига чалиниб, ақлий ва нутқий ривожланишдан орқада қолган эди. Ҳаракатлари чекланган, юра олмасди. Бормаган жойимиз, қаратмаган шифокоримиз қолмади. Йўл, сарсонгарчиликлар азобини айтмайсизми?! Қаерга бормайлик, натижа бўлмади. Фарзандимизнинг юз-кўзига қараб отаси ҳам, мен ҳам адойи тамом бўлдик, ҳаловатимизни йўқотдик. Умидсиз аҳволга тушиб қолгандик. Боламнинг азобланаётгани, кечалари инграшидан юм-юм йиғлаб чиқардим.

 “Умид” реабилитация маркази очилганини эшитиб, бир йил олдин боламни махсус аравачада олиб келганимиз кечагидек ёдимда. Қизалоғим дефектолог ва жисмоний даволаш мутахассиси, педиатр, невропатолог, физиотерапевт назорати ва тавсиялари асосида бемалол юриб кетди. Шундай замонавий биноларни барпо этган, имкониятларни яратиб берган раҳбарларимиз, бор меҳр-муҳаббатини болаларга бағишлаётган мураббий-шифокорларимиз умрларидан барака топсин. Қизим бир йилда оёққа турди. Замонавий тиббий ускуналар, жисмоний машқлар, уқалаш усули боламни соғлом ҳаётга қайтарди. Ҳозир мустақил қадам ташлаб, биз билан бирга бемалол овқатланиб, кийим-кечакларини ўзи киймоқда. Аллоҳга беадад шукурки, орзу-умидларимиз рўёбга чиқди, болажонимнинг шўх кулгуси, эркин хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўляпмиз. Буни кўриш мен учун энг олий бахт...

Марҳабо опа суҳбатимизни давом эттира олмади. Томоғига нимадир тиқилгандек бўлиб, йиғлаб юборди. Тўлиб-тўлиб йиғлади. Бу бир онаизорнинг севинч кўз ёшлари эди...

Сўнги сўз ўрнида

Меҳр маскани “Умид” реабилитация маркази тарбияланувчиларидан 22 нафарининг соғломлаштирилганлиги ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу, аввало, бу масканда ишлаётган фидойилар меҳнати натижаси. Мамлакатимизда олиб борилаётган чинакам инсонпарварлик сиёсати маҳсули бўлган бундай эзгу ишлар замирида инсон қадри, ҳеч ким меҳрдан четда қолмайди, деган ҳақиқат мужассам.

Бир пайтлар мазкур масканга келиб, азиз болажонларни кўриб, руҳиятим тушган ҳолда ортга қайтганим ёдимга тушди. Бугун эса болалар ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни эшитиб, ўз кўзим билан кўриб, кўнглим анча таскин топди. Рости жуда қувондим. Болажонлар, онажонларнинг кўз ўнгимда қотган маъюс чеҳралари ўрнини уларнинг бахтиёр нигоҳлари эгаллади. Мана шундай таассуротлар билан кўрган-билганларимни сизларга ҳам илингим келди. Хурсандлигимдан беихтиёр хаёлимга қуйидаги сатрлар қуйилиб келди:

Барчамиз дунёга устун эмасмиз,

Барибир ўтади ғанимат дамлар.

Яхшилик улашинг муҳтож қалбларга,

Яхшилик қолади, азиз одамлар!

Дилдора КАРИМОВА,

“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ

матбуот хизмати ходими

ЎзА