Навоий вилоятида 2023 йил баҳор мавсумида магистрал автомобиль ва ички йўллар ёқалари, қишлоқ хўжалиги ерлари, фермер хўжаликлари, ижтимоий соҳа объектлари, корхона ва хизмат кўрсатиш тармоқлари, ободонлаштириш бошқармасига қарашли ҳудудлар ва маҳаллаларга қарийб 8,8 миллион туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда буталар экиш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг 25 ноябрь куни Навоий вилоятига ташрифи давомида вилоятни республиканинг намунавий ҳудудига айлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари суриб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда “Навоий тажрибаси” ни жорий этиш бўйича топшириқ берган эди.

Мазкур ташаббус ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Унга асосан вилоятда кўчат ўтқазиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, аниқ манзилли дастурлар ишлаб чиқилди. Бунда туманларда 5 гектардан кам бўлмаган ҳудудлар аниқланиб, экиладиган кўчатлар учун ер тайёрлаш, суғориш тизимини йўлга қўйиш, ерни маҳаллий ўғитлар билан бойитиш чоралари кўрилди. Ҳудудлардаги ҳар бир корхона, ташкилот, муассаса ва хўжалик юритувчи субъектларнинг дарахт экиш бўйича режаси белгилаб олинди. Бунда дарахт кўчатларини экиш ишлари суғориш тизимини инобатга олган ҳолда режалаштирилди.

– “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг 2023 йил баҳор мавсумида дарахт ва бута кўчатлари экилишини самарали ташкил этиш, корхона ва ташкилотлар ҳамда шаҳар, туман ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш юзасидан кунлик назоратни амалга ошириш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликларида штаб тузилган, – дейди Табиат ресурслари вазирлиги вилоят бошқармаси Биохилма-хилликни асраш, рақамлаштириш ва кадастрни юритиш бўлими бош мутахассиси Шаҳзод Саидмуродов. – Вилоятда кўчатчилик билан шуғулланувчи 11 та субъектлар томонидан жами 166,2 гектар ер майдонида 4,2 миллион тупдан ортиқ манзарали, мевали, бута ва гул кўчатлари етиштирилди. Кўчат экиш ишларини самарали ташкил этиш, агротехник қоидаларга қатъий риоя этиш, парваришлаш ва суғориш ишларини тизимли амалга ошириш бўйича тажрибали агроном, олим ва боғбонлар иштирокида Конимех Қизилтепа, Навбаҳор, Хатирчи туманлари ва Навоий шаҳрида илмий-амалий семинар ўтказилди.

Шу кунга қадар вилоят иқлим шароитларидан келиб чиқиб, сувсизликка ва касалликларга чидамли 7 миллион 466 минг туп гужум, қайрағоч, катальпа, акация, заранг, шумтол, тут, жийда, ёнғоқ, японсафораси, терак ва бошқа бир қатор дарахт ва буталар кўчатлари экилди. Экилган кўчатлар Штаб томонидан платформага киритилган. Албатта, дарахтлар атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш билан бирга ҳавога кислород чиқаради. Бу эса тоза ҳаводан нафас олишимизни таъминлайди. Шундай экан, дарахт экиш ҳар биримизнинг бурчимизга, кенг жамоатчиликнинг вазифасига айланиши лозим.

А.Бўриев, ЎзА