Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан бутун мамлакатимиз бўйлаб энг чекка ва олис ҳудудларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бухоро вилоятида ҳам мазкур мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Буни вилоятнинг Шофиркон тумани “Қуйи Чуқурак” маҳалла фуқаро йиғини ҳудудида амалга оширилган ишлар мисолида кўриш мумкин.
Мазкур ҳудуд вилоят, туман ҳокимликлари, ички ишлар бошқармаси саъй-ҳаракати билан қисқа муддатда обод, гўзал ҳудудга айлантирилди. Бу ерда амалга оширилган ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари кишига ўзгача ғурур бағишлайди.
“Қуйи Чуқурак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 642 хонадонда 3 минг 800 нафардан зиёд аҳоли яшайди. Аҳолининг тирикчилик манбаи асосан дала-деҳқончилик ишлари ва чорвачилик ҳисобланади. Маҳаллада амалга оширилган бунёдкорлик ишлари дастури аҳоли талаб ва эҳтиёжлари, мурожаатлари, фикр-мулоҳазалари асосида ишлаб чиқилди. Дастурга кўра, 2,5 километр йўл асосига шағал бостирилди. 2,2 километр масофада пиёдалар йўлаги барпо қилинди. Деярли 2,3 километр масофага ичимлик суви тармоғи тортилиб мавжуд гидроиншоот мукаммал таъмирланди. 4 километр масофадаги электр тармоғи таъмирланди. Кабеллар янгиланиб яроқсиз ҳолга келган 60 та симёғоч темир-бетон устунга алмаштирилди. Кўчаларга 30 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Бир дона 250 киловатт, бир дона 100 киловатт соат қувватга эга қўшимча трансформаторлар ўрнатилди. Икки километр масофадаги электр симлари созланди. Ҳудуддаги 5 та трансформатор жорий таъмирдан чиқарилиб, электр токи таъминоти ва ўтказувчанлиги яхшиланди.
Ўрганишларда аниқланган кам таъминланган ва эҳтиёжманд аҳолининг 166 та хонадони таъмирдан чиқарилди. Айрим хонадонларнинг том қисми таъмирланиб, ошхона, тандирхона, ювиниш хонаси, ҳожатхона ва молхоналари қайтадан қуриб берилди. Бундан ташқари, қишлоқдаги мавжуд ўйингоҳ таъмирланиб болажонлар ихтиёрига топширилди. Қиш мавсумида кўмирга эҳтиёжманд 389 та хонадонга 250 - 400 килограмм миқдорида кўмир ёқилғиси етказилди. Қишлоқда тиббий даволанишга муҳтож ўттизга яқин фуқарога туман ҳамда вилоят шифохоналарида ётиб даволаниши, саломатлигини тиклаши учун йўлланма берилди.
Куни кеча мазкур маҳалланинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Эрта тонгдан маҳалла биноси олдида йиғилган Қуйи Чуқурак аҳолисининг кайфияти аъло. Барчанинг юзида табассум, шодумонлик ҳукмрон. Бунга тадбирда иштирок этган мутасаддилар – Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Сариев, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, вилоят учинчи сектори раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Миржамол Миралимов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Самойдин Ҳусенов ва бошқалар ҳам гувоҳ бўлишди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов туман жамоатчилиги ва Қуйи Чуқурак аҳолисини янгиланиш ва бунёдкорлик ишлари билан қутлади. Бу борада туманда амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этди. Жумладан, шофирконликларнинг кейинги йилларда турмуш тарзи янада яхшилангани қайд этилди. Бунинг замирида халқ хўжалигининг барча тармоқлари, жумладан, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш секторларида эришилаётган муваффақиятлар ётгани таъкидланди.
“Обод хонадон, обод кўча ва обод маҳалла” мезонлари асосида Қуйи Чуқуракда амалга оширилган ишлар давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг ўзига хос намунасидир.
[gallery-14923]
Тадбир иштирокчилари янгидан ишга туширилган маҳалла фуқаролар йиғини биноси, унинг ёнидаги “Уч авлод маскани”, шунингдек, оилавий шифокорлик пункти, аёллар саломатлик маркази, гўзаллик салони, тикув цехи, қолаверса, ҳозирда 400 дан ортиқ ўқувчини ўз бағрига олган 33-сонли умумтаълим мактаби ва спорт майдони, болалар дам олиш масканида яратилган шароитлар билан таништирилди.
Ўзига хос байрам тантанасига айланган тадбирда тўкин дастурхон ёзилди. Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги, элимиз ризқ-насибаси мўллиги, турмуши фаровонлигини сўраб дуо қилинди. Туман маданият уйи жамоасининг хушовоз хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар даврага файз бағишлади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.