Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси амалда: ёш истеъдодлар сафи кенгаймоқда (видео)
17:16 / 2023-03-30

Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ҳақиқий иқтидор ва истеъдодлар масканига айланди.

– Ҳозирда ижод мактабимизда 240 нафардан зиёд иқтидорли ўқувчилар таҳсил олмоқда, – дейди Муҳаммад Юсуф ижод мактаби директори Шоҳистахон Нурматова. – Уларнинг ўқиши, ижод қилиши учун зарур барча шароитлар яратилган. Ўттиздан ортиқ малакали педагогларимиз умумтаълим фанлари билан бирга, она тили ва адабиёти, бадиий ижод, нотиқлик санъати борасида ўқувчиларга билим бермоқда. Мактабимизда қўшни Наманган, Фарғона вилоятларидан келиб таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам бор.  

<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/i6qS91vMHqI" title="Президент ташаббуси амалда: ёш истеъдодлар сафи кенгаймоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Мактабда нафақат таълим сифати ва самарадорлиги, ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, балки педагог кадрлар салоҳияти, маҳорат ва малакасини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Мактаб бу борада Андижон давлат университети ҳамда педагогика институти билан ҳамкорлик қилиб келади. Бугун ижод мактабида барча қулайликларга эга 20 дан ортиқ фан хонаси, ошхона, ётоқхона, спорт зали, футбол, волейбол, баскетбол майдонлари ўқувчилар ихтиёрида. Бундан ташқари, аксарият синф хоналари компьютер, электрон доска, видеопроектор билан жиҳозланган.  

Ижод мактаби жамоаси томонидан Фарғонадаги Эркин Воҳидов, Намангандаги Исоқхон Ибрат ва бошқа ижод мактаблари, шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мактабда ёзувчи, шоир, журналист ва олимлар билан учрашувлар, мулоқотлар, турли адабий тадбирлар мунтазам ўтказиб борилиши анъанага айланган.  

Айни кунда мактабда спорт, фан ва ижодий йўналишларда 38 та тўгарак фаолият олиб бормоқда. Айниқса, “Бобур издошлари”, Муҳаммад Юсуф издошлари”, “Ёш нотиқ”, “Шеърият шайдолари” каби ижодий тўгараклар машғулотларида нафақат ушбу мактаб ўқувчилари, балки вилоятдаги кўплаб иқтидорли ёшлар ҳам қатнашади. Мактабда яратилган кенг имкониятлар натижасида иқтидорли ўқувчилар сафи тобора кенгаймоқда, улар эришаётган ютуқлар кўлами ва салмоғи ҳам ортиб бормоқда. Мактабнинг йигирмадан ортиқ ўқувчилари билимлар беллашуви, фан олимпиадаси, шунингдек, турли ижодий танловларнинг вилоят, республика босқичларида ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди. Жумладан, мактабнинг иқтидорли ўқувчиларидан Муҳаммадазиз Қодиржоновнинг “Дарё”, ”Яшил Роботоландия”, Сирожиддин Хожирасуловнинг “Она ватаним”, Гулчирой Давронбекованинг “Қўлимдан тутади оппоқ орзулар”, Шафоатхон Ўлмасованинг “Қалбим овози”, Моҳларойим Хоринованинг “Меҳр”, Маҳлиёхон Баҳодированинг “Эрка қизингман”, Ҳимоятхон Нормаматованинг “Орзуларим”, Ҳамидахон Муҳаммадаминованинг “Илҳомбахш қишлоғим”, Нодирахон Йигиталиеванинг “Маржон туйғулар” каби шеър ва ҳикоялар тўпламлари нашрдан чиқди. Бундан ташқари, кейинги йилларда мактабнинг ижодкор ўқувчилари ижод намуналари жамланган “Бунда булбул китоб ўқийди”, “Умид ғунчалари”, “Ёшлик баёзи”, “Улуғимсан, Ватаним” деб номланган шеърий тўпламлари ҳам кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.  

Ўтган йили мактабнинг 10-синф ўқувчиси Акмалжон Абдураҳмонов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Ижодкор ва иқтидорли қизлардан Зиёдахон Абдужалилова ҳамда Гулчирой Давронбекова Зулфия номидаги давлат мукофоти танловининг республика босқичида иштирок этди. Ўтган ўқув йилида ижод мактаби битирувчиларининг олий таълимга кириш кўрсаткичи 78 фоизни ташкил этди.  

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз ташаббуси билан бадиий ижод, адабиёт соҳасидаги истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилари келажакда юртимиз равнақи учун муносиб хизмат қиладиган етук ва малакали мутахассислар бўлиб камол топишларига асло шубҳа йўқ.  

[gallery-11207]

– Юртимизда биз ёшларнинг ўқиши, пухта билим олиши, ўз иқтидорларини юзага чиқариши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, айниқса, мен каби ижодкор ёшларга илҳом ва қанот бағишлайди, – дейди ижод мактаби ўқувчиси Зиёдахон Абдужалилова. – Биз, Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқувчилари ҳам ана шу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, билимларимиз, ижодий маҳоратимизни ошириб борамиз. Ютуқларимиз билан Юртбошимиз ишончини албатта, оқлаймиз.  

Ф. Убайдуллаев, 

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА