Ёш ўтган сайин мускул ҳамда боғлов тизимидаги атрофик ёки дегенератив ўзгаришлар натижасида организмнинг умумий тонуси сустлашади. Шу жумладан қизилўнгачнинг боғлов тизими заифлашиб, диафрагма тешиги кенгая бошлайди. Ушбу жараёнга қўшимча омилларнинг қўшилиши, яъни қорин бўшлиғида босимнинг ошиши диафрагма чурраларини келтириб чиқаради.
Диафрагманинг қизилўнгач тешиги чурралари бу қорин бўшлиғида жойлашган айрим аъзоларнинг маълум сабабларга кўра кўкрак қафасига чиқишидир. Кўп ҳолларда кўкрак қафасига қизилўнгачнинг дистал ва ошқозоннинг проксимал қисмлари чиқади. Шунинг учун ҳам юқорида кайд этилган чурра тури 50 ёшдан кейинги кишиларнинг 50 фоизида учрайди. Ёшларда эса боғлов тизими ва ёғ тўқимасининг бутунлиги ошқозон қисмининг кўкрак бўшлиғига ўтишига етарлича тўсқинлик қилиши сабабли ушбу патологик ҳолат анча камроқ аниқроғи 5 фоизгача учрайди.
Демак, юқоридагиларни инобатга олиб ўткир холецистит ва диафрагманинг қизилўнгач тешиги чурралари бирга келган ҳолатларда даволаш усуллари беморларни барчасини қониқтиряпти дея олмаймиз. Ушбу йўналишдаги муаммоларни ҳал қилиш эса анчагина изланиш ва тадқиқот талаб қилади.
Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ҳам бундай беморлар сонининг кўпайганлигини ҳисобга олиб “Ўткир холецистит билан диафрагманинг қизилўнгач тешиги чурралари бирга келган ҳолатларда диагноз қўйиш ва хирургик тактикани такомиллаштириш” мавзусида илмий изланиш олиб борилмоқда. Илгари бундай беморларда икки этапда операция ўтказилар ва операция очиқ усулда катта жароҳатлар билан қилинар эди.
Марказ директори Т.Мусоев бошчилигида биринчи шошилинч хирургия бўлими хирурглари Ш.Абдураҳмонов, Ф.Ҳайдаров, А.Ғаниев, илмий изланувчи Ф.Холиқов иштирокида илк бор уч нафар беморда симултант юқори технологик операциялари муваффақиятли бажарилди.
– Илгари бундай беморлар чет эл ёки пойтахт етакчи клиникаларида иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан қийналган ҳолда катта маблағ эвазига даволаниб келишга мажбур бўлган, – дейди Марказ директори Т.Мусоев. –Давлат раҳбари ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш самараси ўлароқ ҳозирги кунда бундай беморлар, ватандошларимиз ўз вилоятида, хусусан бизнинг филиалда шифо топди.
Зариф Комилов, ЎзА