Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси амалда: шифокорлик пункти аҳоли хизматида
18:31 / 2023-07-22

Бухоро вилояти Шофиркон тумани “Темирчи” маҳалласида янги “Неккиши” оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.

Ушбу ОШП Қўшработ, Темирчи, Бойлар, Патта, Шейхлар қишлоқларидаги 2 минг 700 нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Бунинг учун масканда 10 нафар саломатлик посбонлари - шифокорлар иш олиб боради.

Очилиш маросимида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аскар Баҳронов, туман ҳокими ўринбосари Акмал Қазоқов, туман Халқ қабулхонаси мудири Фурқат Ҳафизов, туман Тиббиёт бирлашмаси мутасаддилари, аҳоли вакиллари, нуронийлар қатнашди.  

Тадбирда сўз олганлар аҳолини янги тиббиёт пункти билан табриклади. Иштирокчилар пунктда яратилган шароит, зарур тиббий воситалар, дори-дармонларнинг мавжудлиги, соғлом овқатланиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи кўргазма билан танишди.

Шу куни туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Шошилинч тиббий тез ёрдам бўлимида янгидан барпо этилган қабул диагностика бўлими ҳам иш бошлади.

Енгил конструкция асосида қурилиши қисқа фурсатларда якунига етказилган бўлимга маҳаллий бюджетдан 560 миллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, 700 миллион сўмлик тиббий асбоб-ускуна, жиҳозлар, беморлар учун ётоқ мебеллари олиб берилди.

– Қабул-диагностика бўлимида “Emergency department” тизими асосида қўшимча “шок” палатаси – “қизил” зона, кузатув палатаси – “сариқ” зона ва мутахассислар кўриги хоналари – “яшил” зоналар ташкил этилди, – дейди бўлим бошлиғи Лазиз Ҳасанов. – Энди оғир беморлар тўғридан-тўғри “қизил” зона яъни “шок” палатасига, мутахассислар кўригига келган фуқаролар “яшил”, шифокорлар кузатувидаги беморлар эса “сариқ” зонага йўналтирилади.

Бўлим бир кунда оғир аҳволдаги 200 беморга хизмат кўрсатади. Бу ерда барча касалликлар бўйича шошилинч ёрдамга муҳтож фуқаролар қабул қилинади. Уларга реаниматолог, кардиолог, хирург, терапевт, педиатр, травматолог каби соҳа ходимлари томонидан муолажалар амалга оширилади. Бундан ташқари, уларнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бошқа мутахассислар ҳам жалб қилинади. Бўлимда даво чоралари учун имкониятлар етарли. Рентген, УТТ, ЭКГ, фиброгастроскопия, замонавий лаборатория касалликларга аниқ ташхис қўйиш ва даволаш ишларини олиб бориш имконини беради.  

Маълумот учун, Президентимиз ташаббуси билан 120 махсус контейнер Бухоро вилоятига келтирилган эди. Мазкур контейнерларнинг чекка маҳалла ва қишлоқларга ўрнатилиб, мослаштирилган тиббиёт масканига айлантирилгани одамларнинг оғирини енгил қилиб, инсон қадрини улуғлашда муҳим аҳамият касб этаётир.

 

Зариф Комилов,

ЎзА