Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси амалда: ислоҳотлар меваси ҳар бир хонадонга кириб бормоқда
18:26 / 2023-08-21

Ободлик, саришталик бор жойда файз барака бўлади. Инсон дили ҳам ана шундай гўзалликдан яйрайди, баҳра олади. Яшаш жойларни гўзал гўшаларга айлантириш борасида юртимиз бўйлаб сафарбарлик эълон қилингани ҳаммамизга маълум. Шундай юрт чақириғига бугун Наманган вилояти Мингбулоқ тумани Қизилқум маҳалласи ҳам лаббай деб жавоб бермоқда.

Бунинг натижасида манзиллар кун сайин чирой очмоқда. Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида Ишчи гуруҳи тузилиб, ободончилик, аҳоли турмуш фаровонлиги учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоят раҳбарининг кундалик тизимли таҳлилий муҳокамаси барча ишларнинг сифатли бажарилишига туртки бермоқда. Ажратилган 3 миллиард сўм маблағ ҳисобидан ҳозирги кунга қадар жами 9,5 километр ички йўлларнинг 3 километрга яқин қисми асфальтланди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 3 километрга яқин янги тармоқ тортилди ва 70 та янги темир-бетон таянчи ўрнатилди, битта трансформатор мукаммал таъмирланди. 168 хонадондаги газ жиҳозлари жорий таъмирланди. Таъмирталаб 92 хонадоннинг 45 таси ўз эгаларига топширилди.  

Стадион, маҳалла фуқаролар йиғини учун янги бино, болалар майдони, яшил футбол майдончаси, кутубхона, гўзаллик салони, кичик амфитеатр, соғломлаштириш маркази барпо этилмоқда. 1,5 километр йўлда тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Ҳозирда ҳудуддаги 25-сонли умумтаълим мактаби ҳамда 23-сонли болалар боғчасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қувонарли жиҳати, аҳолининг йиллар давомидаги орзуси ушалди. Йигирма уч километрдан ошиқ сув тармоғи тортилди. Ер ости сув қудуғи, сув минораси ишга туширилди. Бунинг натижасида 382 хонадон тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлди.  

[gallery-13197]

– Бундан бир аср муқаддам Қизилқум кенгликларида ўзлаштирилган маҳалламиз 1970 йилларга келиб кенгая бошлади. Бугунги кунда маҳалламизда яшовчи аҳоли 2 минг нафардан ошди. Мавжуд еттита кўчамиз анча йиллардан буён эътибордан четда қолган эди, – дейди “Қизилқум” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Элмурод Ўринов. – Давлатимиз раҳбарининг энг олис ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори ҳамда ажратаётган маблағлари самарасида бизнинг қишлоғимизга ҳам ободлик ва файз, тароват кирмоқда. Одамларимиз бу ғамхўрликдан мамнун ҳолда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларида ўз меҳнатлари билан муносиб ҳисса қўшмоқда.  

Қизилқумда “Обод кўча, обод хонадон” дастури ижросини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳам яқиндан кўмаклашмоқда. Ҳар бир хонадонга ахлоқ, маънавиятни сингдириш мақсадида китоб жавонлари турли адабиётлар билан тўлдирилди. Қувонарлиси шундаки, хонадонларда таваллуд кунлари муносабати билан китоб совға қилиш анъанага айланмоқда. Қолаверса, оилада қизиқишлардан келиб чиқиб спорт жиҳозлари ўрнатилди.  

Тозалик ва ободлик бор жойда барака бўлади. Ҳар бир хонадон дарвозаси олдига кичик чиқинди қутиси ўрнатилди ва кўчадаги 20 нафардан зиёд кичик ёшдаги болажонлардан иборат “Озодагарчилик посбонлари” тузилди. Уларга махсус енгил уст кийим, кепкалар уюштирилиб, экологик тарбия амалиётига қадам қўйилди. Эътиборлиси, мавжуд хонадонларни ихтисослаш, муайян маънавий йўналишда тажриба мактабига айлантиришга руҳлантириш мақсадида ҳар бир хонадон “Энг китобхон хонадон”, “Энг спортсевар хонадон”, “Энг ҳуқуқий маданиятли хонадон”, “Энг саришталик келин хонадони”, “Энг гулзор хонадон”, “Энг тадбиркор хонадон” каби йўналишларда ғолиблар сифатида ҳовли эшикларига ёзиб қўйилди.  

– Ободлик кўнгилдан бошланади. Маҳалламиз, кўчаларимиз, хонадонларимиз обод бўлиб, дилларимиз қувончга тўлмоқда. Биз бу кунларни анчадан буён кутаётган эдик, – дейди Қизилқум маҳалласи, Алишер Навоий кўчаси, 2-уйда яшовчи Азизбек Тоштемиров. – Ёзда чанг, қишда лой бўлиб кетадиган кўчаларимиз бирин-кетин кўркам қиёфага кирмоқда. Хонадонимизга вилоят ва туман ҳокимлиги, Президент Халқ қабулхонасидан амалий ёрдамга келишганда ўзимиз ҳам хижолат тортдик. Ҳовлимиз таъмирига яқиндан кўмаклашилди. Уйга киришимиз билан китоб жавонига кўзимиз тушади. Бўш вақтимиз бўлди дегунча китоб мутолаасига ошиқамиз. Ислоҳотлар меваси ҳар бир хонадонга кириб бораётганидан хурсандмиз.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири