Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ташаббуси амалда: ҳоким ёрдамчилари фаолиятидан аҳоли мамнун
18:45 / 2022-07-17

Навоий вилоятида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан пресс-тур ташкил этилди.

Икки кун давомида ОАВ вакиллари ва блогерлар Навоий, Ғозғон шаҳарлари, Нурота, Конимех ва Қизилтепа туманларида   ҳоким ёрдамчилари томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди. 

Маълумки, жорий йилдан бошлаб мамлакатимиз маҳаллаларида ҳоким ёрдамчилари иш бошлади. Бу мутлақо янги тизим бўлиб, аҳволи оғир оилаларга манзилли кўмак бериш, уларни ишбилармонликка жалб қилиш орқали камбағалликни қисқартириш ва халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Навоий вилоятида ҳам 330 нафар ҳоким ёрдамчилари фаолият олиб бормоқда ҳамда улар фаолиятининг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) “Онлайн маҳалла” платформаси орқали автоматик равишда баҳоланмоқда. 

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари Навоий шаҳридаги “Бунёдкор” маҳалласида хонадонбай ишлаш тизими, кичик саноат зонасида амалга оширилаётган янги инвестиция лойиҳалари билан танишишди. “Baht textile” ва “Navpromlitmash” МЧЖлар фаолияти ва ишчи-ходимларга яратилган шароитларни бориб кўришди. 

– “Бунёдкор” маҳалласида 1 минг 324 та оила истиқомат қилмоқда, – деди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Умрзо Муродуллаев. – Бугунги кунда аҳоли билан маҳаллабай ишлаш тизими орқали барча хонадонлар платформага киритилган. Камбағалликни қисқартириш мақсадида фуқароларга кредит ҳамда субсидиялар ажратилиб, ўзини-ўзи иш билан банд қилишга шароит яратилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада тадбиркорликни ташкил этиш учун банклардан 343 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган бўлиб, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Биргина “Baht textile” МЧЖга жорий йилда “Бунёдкор” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси тавсиясига асосан 9 нафар “Ёшлар дафтари”да, 6 нафар “Аёллар дафтари”да турувчи ҳамда 7 нафар бошқа тоифадаги ишсиз фуқаролар ишга жойлаштирилди. 

“Navpromlitmash” МЧЖ ишлаб чиқариш қувватларининг камлиги боис ҳоким ёрдамчиси ташаббуси билан мазкур корхонага кредит маблағлари ажратилишига кўмаклашилди. Натижада янги ишлаб чиқариш линияси ишга туширилиб, хориждан келтириладиган автомобиллар ва саноат корхоналари учун зарурий фильтрлар маҳаллийлаштириш дастурига асосан ишлаб чиқарилмоқда. Бу ерда 25 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллада истиқомат қилувчи 7 нафар ёш иш билан таъминланди. 
Тадбир доирасида ОАВ вакиллари ва блогерлар “Кимёгар” маҳалласидаги “CHADOS – 2009” МЧЖ фаолияти билан танишди. 

– Иш фаолиятимни 2017 йилда бир нафар ишчи билан бошлагандим, – деди тадбиркор Латофат Ҳусанова. – Айни пайтда қўл меҳнати билан турли хилдаги юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқариш билан шуғулланамиз. Корхонамиз вилоят хотин-қизлар маркази билан ҳамкорлик қилади. Бу ерда касб-ҳунарга қизиқувчи хотин-қизларга юмшоқ ўйинчоқлар ясаш бўйича ўқув курси очилган. Фаолиятимизнинг ривожида ҳоким ёрдамчиси Ҳусниддин Нурматов, шаҳар прокурори Худойберди Нурқобилов ташаббуси ва амалий кўмаги катта бўлмоқда. Корхонада 20 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланиб, турли хилдаги юмшоқ ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмоқда. Келгусида иш ўринларини янада кенгайтириш режалаштирилган.

Пресс-тур иштирокчилари аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Нурота тумани “Деҳибаланд” маҳалласидаги “Кўҳна Нурота боғлари” МЧЖга қарашли “KARAVAN” экотуризм дам олиш масканида бўлишди. 
– Масканда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун барча қулайликлар мавжуд бўлиб, меҳмон уйи, ошхона хизмати, бассейнлар ташкил этилган. Бу ерда маҳалладаги ишсизларнинг 14 нафари иш билан таъминланди. Уларнинг 6 нафарини ижтимоий дафтарга киритилган фуқаролар ташкил этади, – дейди “Деҳибаланд” маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Нуриддин Хушвақтов. 

Пресс-турнинг навбатдаги манзили, Ғозғон шаҳри бўлди. Иштирокчилар бу ерда “Мармаробод” корхонасида мармар ва гранитни қайта ишлаш жараёнлари ва каштадўз Моҳичеҳра Норбоева иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.

[gallery-7943]

Бугунги кунда “Тумар” маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳичеҳра Норбоевани кўпчилик яхши танийди. У бир неча йиллардан буён момомерос ҳунарлардан бири каштачилик билан шуғулланади. М.Норбоева касаначилик йўналишида “Ғозғон чевар қизлари” ишлаб чиқариш кооперативини ташкил этган. Унга тегишли жамғарма ҳисобидан 122,5 миллион сўм субсидия ажратилди. Натижада Ғозғон шаҳридаги “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда ишсиз хотин-қизларнинг 50 нафари ишли билан таъминланди. 

– Корхонамизда ойига 200 дан зиёд 3 тахтали ва 30 дан ошиқ 5 тахтали сўзаналар тикамиз, – дейди М.Норбоева. – Бундан ташқари, буюртма асосида каштали дастурхонлар, ёстиқ-кўрпалар, турли хил кийим-кечаклар ҳам тикамиз. Уйда бекор ўтирган 50 нафардан зиёд хотин-қиз ишига қараб 700 мингдан 1,5 миллион сўмгача ойлик олади.

Пресс-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Конимех ва Қизилтепа туманларида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчилари иш фаолияти билан яқиндан танишди.
Ибодат Фозилбекова Конимех туманидаги “Шўртепа” маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи туман ободонлаштириш бўлимида қоровул бўлиб ишлайди. Жорий йил аввалида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси уйма-уй юриб оилалар ҳолатини ўрганиш чоғида бир сотихлик иссиқхона қуриш таклифини берган эди. 

– Иссиқхона қурилгач, дастлаб картошка экдик, ҳосилимиз ёмон бўлмади, – дейди И. Фозилбекова. – Ҳозир эса иккинчи ҳосил сифатида бодринг экиб парваришлаяпмиз. Ҳосили зўр. Кўз тегмасин. Ҳовлимиз 4 сотихдан иборат. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ловия, ошқовоқ, булғор қалампири, қалампир, лавлаги, бақлажон сингари экинларни экканмиз. Рўзғоримизга етади. Ортиқча қисмини сотамиз. 

10 та чорва молимиз бор. Деҳқончилик орқасидан икки фарзандимни контракт орқали ўқитаяпмиз. Мен ва дадаси ўқимагандик. Фарзандларимиз олий маълумотли инсонлар бўлсин. 

Юсуф Асадов 3 йилдан буён бройлер товуқ боқиш билан шуғуллланади. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан жўжа очирувчи 2 дона инкубация цехи олди.
– Инкубация ёрдамида 300 дона ўрдак ва 500 дона товуқ тухумидан жўжа олдим, – дейди Ю.Асадов. – Ўрдак жўжасини 10 минг сўмдан, товуқ жўжасини эса 5-7 минг сўмдан сотаяпман. Харидорлар уйга келиб олиб кетишмоқда. Шунингдек, 30 та ўрдак, 10 та йирик шохли, 15 та майда туёқли молим бор. Ғозларни кўпайтираман. 

Қўзиқорин етиштиришни йўлга қўйганман. Бирор-бир муаммо юзага келса ҳоким ёрдамчиси Серик Бобоқуловга мурожаат қиламан. Имкон қадар ижобий ҳал қилишга ёрдамлашади. 

– Корхонимиз фаолиятини бошлаганига ҳали унчалик кўп вақт бўлмади, – дейди хусусий корхона директори Рустам Алламуродов. – “Тўққизтепа” маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Ҳусан Раҳмонқулов ёрдамида банкдан 300 миллион сўм имтиёзли кредит олдим.

Ҳозирда 3 нафар ишчи билан маҳаллий аҳолидан йиғиб олинган терини қайта ишлаш билан шуғулланаяпмиз. Тайёр маҳсулотни водийдаги ҳамкорларимизга етказиб берамиз. Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида тикув машинкалари олиш учун банкка мурожаат қилганмиз. Кредит маблағи расмийлаштирилса, махси ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман.

Қизилтепа туманидаги “Toshrabot textile” МЧЖ да 60 хилга яқин тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Россия Федерациясига экспорт қилинади. Мазкур корхона Туркия, Хитой ва Тайван давлатларидан келтирилган 300 та замонавий тикув машинаси ва 30 та тўқув дастгоҳи билан жиҳозланган. Технологик жиҳозлар учун қарийб 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилган

– Корхонамиз йилига 6-6,5 миллион АҚШ доллар қийматидаги 6 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди МЧЖ директори Бахтиёр Файзиев. – Ҳозирда 440 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, корхонада ишлар конвейр усулида олиб борилади. Ишчи ходимлар учун барча шароитлар яратилган бўлиб, уларни уйларидан келиб-кетишлари учун автобус, бепул тушлик ташкил этилган. Ойлик маошлари ўз вақтида тўлаб берилмоқда.

– Ўзим “Аёллар дафтари”да рўйхатда турардим. Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчиси Азамат Бобомуродов тавсиясига кўра, мазкур корхонага ишга жойлашдим, – дейди “Узилишкент” маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Ҳайдарова. – Дастлаб 3 ой давомида тикувчилик курсида ўқиб, тикишни ўргандим. Ҳозирда корхонада мустақил равишда турли фасондаги буюртмага асосан кийимлар тикмоқдаман. Ўз вақтида иш ҳақимизни оламиз. Рўзғоримга фойдам тегаётганидан хурсандман. 
Пресс-тур давомида Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва вилоят бошқармаси мутасадди ходимлари томонидан маҳалладаги ҳоким ёрдамчиларига тавсиялар берилди.

Абдували Бўриев, 
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА