Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент танқидидан сўнг “Зикри” кўлда нималар ўзгарди?
17:55 / 2022-05-31

Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан “Зикри” (Кемачи) табиий кўлига пресс-тур ташкил этилди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 26 апрел куни туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишлаб  ўтказилган видеоселектор йиғилишида Чорвоқ ва Тўдакўлдан бошқа бирорта ҳудудда чўмилиш жойлари йўқлиги, бу борада Бухородаги “Зикри” кўлнинг имкониятлари ишга солинмаётганлиги танқид қилинган эди. 

“Зикри” (Кемачи) табиий сув ҳавзаси Қоровулбозор тумани ҳудудида бўлиб, Бухоро шаҳридан 80 километр жануби-шарқда жойлашган. Ушбу табиий сув ҳавзаси 1990 йилларда Қашқадарё вилоятидан оқиб келувчи зовурларнинг ташланмасидан ҳосил бўлган. Сув олиш манбаси “Девхона” ўзани. Сув сиғими 2003 йилда 58 миллион м³ ни ташкил қилган. Ҳозирги вақтда сувлик майдони 650 гектарни ташкил қилади. Бунинг сабаби қуйиладиган сувнинг камайиши ва буғланишнинг юқори бўлишидир. “Зикри” табиий сув ҳавзасида зоғора, оқ амур, оқ дўнгпешона, қизилкўз, қизилқанот каби балиқ турлари, атрофида эса 25 га яқин чўл ўсимликлари мавжуд. 

Қоровулбозор тумани ҳокимининг 2018 йил 28 декабрдаги қарорига асосан “Зикри”, “Девхона”, “Хадича” табиий сув ҳавзалари ва уларнинг атрофидан 40 минг гектар ер майдони ов, пляж ҳамда спорт туризми билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратиш, экотуризмни ташкил этиш мақсадида “Бухоронефтқурилишмонтаж” масъулияти чекланган жамиятига берилган.

“Бухоронефтқурилишмонтаж” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда бир қатор қурилиш ишлари бажарилган. Ҳозирги кунда овчилик хўжалиги ҳудудида туристлар дам олиш хоналари, кафе, ювиниш хоналари ва туристларнинг ўзлари овқат тайёрлаши учун ошхоналар мавжуд. 

– 40 минг гектар ерга хусусий овчилик ишларини бошладик, – дейди “Бухоронефтқурилишмонтаж” балиқчилик кластери ташкилотчиси, инвестор Олим Турдиев. – Табиатни ўз ҳолича асраб қолиш учун барча шароитларни яратдик. Ҳозирги кунда Россия, Қозоғистон ва Республикамизнинг турли вилоятларидан дам олувчи сайёҳлар келмоқда. “Девхона” ва “Хадича” табиий сув ҳавзаларида ҳам сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган. Қишда ов, ёзда чўмилиш, баҳорда лола мавсуми бошланади. Айни кунда интернет ҳамда алоқа тизимини яхшилаш борасида компаниялар билан тизимли ишлар йўлга қўйилган. 

Инвестор томонидан Бухоро вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда мавжуд табиат гўзаллигини асраш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир. Жумладан, жайрон, ёввойи чўчқа каби қирилиб бораётган ҳайвонларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

[gallery-7358]

– Вақтида бу ер браконьерларнинг макони бўлган, – дейди инвестор Олим Турдиев. – Улар табиатга фақат зарар етказган. Манзарали, хуштабиат, баҳаво жойлар ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Президентимиз ташаббуси билан бу ерда катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 100 миллион сўм эвазига электр энергияси олиб келинди. Ов, пляж ва спорт туризми билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилди. Экотуризмни ташкил этиш бўйича  бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борада 10 миллиард сўм инвестиция киритилди. Яна 25 миллиард сўмлик лойиҳалар тайёрланган. Лекин сув сатҳи пасайиб бораётгани сабаб бир қатор  муаммолар юзага келмоқда. Бундан ташқари, йўл инфратузилмасининг аҳволи жуда ёмон. 

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов масъуллар билан биргаликда “Зикри” кўлда бўлиб, мавжуд муаммолар ўрганилди.  Сув муаммосини бартараф этиш учун 110 метрга тик қудуқ қазиш, кўлга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш, умуман мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланган эди. Бироқ  ҳали бу борада бирор бир амалий иш қилингани йўқ.

Тадбирда мавзу юзасидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларни қизиқтирган саволларга соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди. Бу борадаги тарғибот самарадорлигини ошириш йўлида ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА