English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент танқидидан сўнг амалий ишлар бошланди
17:27 / 2022-04-28

Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрель куни “Туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Чорвоқ ва Тўдакўлдан бошқа бирорта ҳудудда чўмилиш жойлари йўқлиги қайд этилган эди.

Бу борада Бухородаги “Зикрикўл” кўлининг имкониятлари ишга солинмаётганлиги ҳам танқид қилинди. 

Ушбу видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов масъуллар билан биргаликда туман марказидан 40 киломтер узоқликда жойлашган “Зикрикўл” кўлида бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганди. Ҳудудда 2019 йилда “Бухоро нефть қурилиш монтаж балиқчилик кластери” МЧЖ томонидан туристик зона ташкил этилган. Бироқ унинг самарали фаолият юритишида бир қанча муаммолар юзага келган. Туман раҳбари ушбу муаммоларни ўрганди. Уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар дастури белгиланди.

–Асосан сув муаммоси борлиги учун 110 метрга тик қудуқ ўрнатилади,  –дейди Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов. – Туристик зонада чўмилиш пляжи ташкил этилади. Айни кунда 2 та меҳмон уйлари мавжуд бўлиб, яна 5 та замонавий меҳмон уйлари қурилади. Туя сути билан даволаш муолажаларини амалга ошириш учун имкониятлар яратилади. 

Шунингдек, мутасаддилар “Зикрикўл” кўлининг имкониятларини ишга солиш, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилиш бўйича келгусидаги режалар тақдимотини ўтказди. Шунингдек, туман раҳбари бошчилигидаги мутасаддилар “Зикрикўлдан” 8 километр узоқликда жойлашган “Девхона” кўлида ҳам бўлди. Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

– “Девхона” кўлида яқинда битта кафе ишга тушди, – дейди Қоровулбозор тумани ҳокими Акмал Остонов. – Мана шу катта кўл ичида оролча мавжуд. Энди мана шу оролчани ичида янги кафе ишга туширилади. Шунингдек, 7 та картер хизмати йўлга қўйилади. Картерларнинг ичида оилавий овқатланиш, балиқ овлаш ва дам олиш хизмати амалга оширилади. 1 минг 716 гектарли ушбу хушманзара мовий кўлнинг ўртача чуқурлиги 40-120 метрни ташкил этади. Бу ернинг ўзига хос табиати маҳаллий ва хорижий сайёҳларини ўзига жалб қилади. Туман ҳокими ушбу кўл атрофларидаги дам олиш масканлари ҳамда хизмат турларини кўпайтириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берди. 

Зариф Комилов, ЎзА