Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент танишган иккита марказ шу ойда янги бинода иш бошлайди
12:05 / 2021-08-02

Хабар берганимиздек, 2 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизматининг навбатдаги брифинги бўлиб ўтди.

Унда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов анъанага мувофиқ, давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган ҳафта бўлиб ўтган муҳим тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Дастлаб, 26 июль куни ўтказилган лойиҳалар тақдимоти хусусида сўз юритилди. Ушбу лойиҳалардан бири – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида кутубхона барпо этилиши жараёни, кутубхонани қуриш учун давлат раҳбари томонидан тасдиқланган лойиҳа ҳақида хабар берилганди.

Шерзод Асадовнинг қайд этишича, биринчи танишувда давлатимиз раҳбари кутубхона биносининг бир неча хил вариантини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Бу галги тақдимотда бино дизайнининг 3 хил варианти кўриб чиқилган. Биринчиси миллий, иккинчиси замонавий шаҳарсозлик ва учинчиси хай-тек услубида.  

Президент юртимиздаги қадимий обидаларга уйғун тарзда ишлаб чиқилган лойиҳани маъқуллаган. Кутубхонада ўқувчилар учун, унинг атрофида маданий ҳордиқ чиқариш учун кенг шароитлар яратиш бўйича тавсиялар берилган.

Давлатимиз раҳбари май ойида гематология ва онкология марказларини янги биноларга кўчириш бўйича топшириқ берган эди. Брифингда шу ҳақда ҳам маълумот берилди.

Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази Чилонзор тумани Арнасой кўчасидаги иккита ёнма-ён бинога кўчирилмоқда. Улар шу ойда янги бинода иш бошлайди.  

Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази учун Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ёнида янги бино қурилади. Бу бино 2023 йилда фойдаланишга топширилади.

ЎзА