Ҳозирда Президент таълим муассасалари агентлигининг раҳбари Ҳилола Умарова бошчилигидаги делегация Бутунжаҳон таълим форумида иштирок этмоқда.
Агентлик делегацияси доимий ҳамкори "Cambridge Assessment International Education“, ”Times Higher Education“ ҳамда ”British Council" ташкилотлари вакиллари билан учрашишди ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Форум Лондон шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда таълим соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларнинг тақдимотлари ўтказиляпти.
Хусусан, "Cambridge University Press &Assessment" ташкилотининг бош ижрочиси Петер Филлипс ўз тақдимотида Ўзбекистон Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини алоҳида таъкидлади.
Маълумот ўрнида, Бутунжаҳон таълим форуми анъанавий тарзда ҳар йили ўтказилади ҳамда таълим соҳасидаги дунёнинг энг нуфузли тадбирларидан бири ҳисобланади. Бу йил форумда 1000 нафарга яқин мутахассислар иштирок этган.
Мафтуна Каримова, ЎзА