English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент талабига кўра, бош мутахассислар учун малака ошириш курслари ташкил этилди
15:59 / 2021-05-19

Навоий давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда туман ва шаҳар ҳокимликларининг бош мутахассислари учун профессор-ўқитувчилар, давлат органлари ва ташкилотлардан малакали амалиётчи мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ислоҳотларимиз халқимизнинг кундалик ҳаётида ўз ифодасини топиши, кутган натижаларимизга эришиш кўп жиҳатдан давлат бошқарувидаги ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг билим ва салоҳиятига бевосита боғлиқ эканлиги алоҳида таъкидланиб, бу борада аниқ вазифалар белгиланган эди.  

Таҳлиллар ва ўрганишлар натижасида ўрта ва қуйи бўғин раҳбар ва ходимлари бирор бир масалани ҳал қилиш учун ташаббус кўрсата олмаслиги маълум бўлган эди. Натижада, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарларининг бош мутахассисларини ўз соҳавий йўналишлари бўйича билим, малака ва кўникмаларини ривожлантиришлари юзасидан топшириқлар берилди.

– Ўқув-машғулотларида тренерлар томонидан соҳа бўйича янги қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларни жойларда татбиқ этиш, илм билан амалиётни бир-бирига интеграция қилиш, тингловчиларнинг ҳам касбий ҳам шахсий компетенцияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Агентликнинг вилоят филиали бош мутахассиси Аброр Латипов. – Шунингдек, малака ошириш курси давомида қуйи бўғин давлат хизматчиларини “Маҳаллабай” ва “Фуқаробай” ишлашга ўргатиш, шунингдек, уларга республикада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотларнинг туб мазмун-моҳиятини етказиш, соҳалар бўйича таянч билим ва бошқарув кўникмаларини шакллантириш ҳам назарий ҳам амалий билимлар билан уйғунлашган ҳолда олиб борилмоқда.  

Бу каби малака ошириш курслари жорий йилнинг май ойи давомида барча маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги қуйи бўғин раҳбар ходимлари учун ташкил этилиши режалаштирилган.

 

Абдували Бўриев, ЎзА