Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясидаги нутқи, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар аҳамияти кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда.
Айни кунларда ҳудудларда бўлиб турган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам аҳоли вакиллари билан учрашувларда айни тарихий нутқ мазмун-моҳиятига алоҳида урғу беришмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов ўрганишлар доирасида Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бир гуруҳ педагоглар, масъул мутасаддилар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда дастлаб давлат раҳбарининг ташаббуслари аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Қайд этилганидек, нутқда мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон капиталини ривожлантириш устувор вазифа экани баён қилинди. Юртимиздаги ислоҳотларни халқаро ҳамжамият, нуфузли ташкилотлар ҳам тан олиб, эътироф этаётгани барчамизни қувонтириши таъкидланди.
Халқаро минбарда мамлакатимизда мактабгача таълим қамрови 27 фоиздан 78 фоизга ошгани, олий таълим билан қамров эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани маълум қилинди. Бу Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда реал ва муҳим натижаларга эришаётганини кўрсатади.

Учрашувда таълим сифатини оширишда ўқитувчи ва мураббийларнинг фидойилиги, илғор педагогик билим ва технологияларни қўллай олиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Юртимиздаги таълим ислоҳотлари хусусида фикр-мулоҳазалар айтилди.
Мулоқотда педагоглар, бир қатор мактаб директорлари нутқда илгари сурилган педагогларнинг ўзаро тажриба ва билим алмашиши учун ягона халқаро платформани яратиш борасида Ўзбекистонда Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар.
Таълим тараққиёти мамлакат ривожига замин бўлиши алоҳида эътироф этилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА