Мамлакатимизда юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг маънавияти, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимиз соврини учун бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танлови мазкур йўналишдаги ишларни янги, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Танловнинг дастлабки маҳалла босқичида Андижон вилоятининг 879 маҳалласидан ёшлар белгиланган 10-14, 15-19 ҳамда 20-30 ёш тоифалари бўйича китобхонлик борасидаги билимларини синовдан ўтказди.

Маҳалла босқичи электрон тест шаклида ташкил этилиб, унда ёш китобхонлар танловнинг адабиётлар рўйхатидан ўрин олган китоблар асосида тайёрланган 25 та тест саволларига жавоб берди. Президент соврини – электромобиль учун илк ташланган қадамда энг юқори баллни қўлга киритган китобхонлар танловнинг навбатдаги босқичига йўлланма олди.

Марҳамат туманидаги 48 та маҳалланинг китобхон ёшлари ҳам танловда фаол иштирок этди. Жумладан, электрон тест шаклида ўтказилган танловда тумандаги Алитепа маҳалласи ёшлари орасидан Жаҳонгир Муҳаммаджалилов, Моҳларой Азизова ҳамда Муҳаммаддиёр Йўлдошалиев ўз ёш тоифаларида энг юқори балл олиб, танловнинг кейинги босқичига йўл олди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари