Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент совғаси болажонларга қувонч бағишламоқда
10:09 / 2022-09-05

Янги 2022/2023 ўқув йили расман бугун – 5 сентябрь куни бошланди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент вилоятида ҳам умумтаълим мактаблари ўқувчиларни қабул қилмоқда. Айниқса, ўзгача ҳаяжон билан ўтувчи “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ва “Мустақиллик дарслари”да турли даражадаги раҳбарлар, сенаторлар, депутатлар, тадбиркорлар ва жамоатчиликнинг фаол вакиллари, собиқ битирувчиларнинг иштироки яхши анъанага айланган.

Янги ўқув йилида вилоятдаги 885 та умумтаълим мактабларига 503 минг 617 нафар ўқувчилар таълим олади. Шундан, 55 минг 928 нафари биринчи синфга қабул қилинган болажонлардир. Уларнинг барчасига Президент совғалари етказилди

Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камоловнинг таъкидлашича, жорий йилда вилоятда барча дастурлар ҳисобидан жами 91 та мактабда қурилиш-реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шундан, Инвестиция дастури асосида 36 та мактаб ва 17 та филиаллар, “Обод қишлоқ ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 17 та мактаблар тўлиқ таъмирдан чиқарилмоқда. Жумладан, 5 та янги мактаб, 22 та янги спорт заллари қуриб, фойдаланишга топширилди. 

Аҳамиятлиси, бу йил илк бор юқоридаги дастурларга қўшимча равишда вилоят ҳокимининг ташаббуси билан энг таъмирталаб, хом ғиштдан қурилган ва икки коэффициентдан ортиқ ҳолда фаолият олиб бораётган 21 та мактаб танлаб олиниб, уларни таъмирлаш, янги ўқув биноларини қуриш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 70 миллиард сўм маблағ ажратилди. 

Нурафшон шаҳридаги Президент мактабида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ва “Мустақиллик дарси" ташкил этилди. Унда шаҳар ҳокими Музаффар Салиев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, ёшларни мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллиги ҳамда янги ўқув йили билан табриклади. Устоз-мураббийларнинг янги ўқув йилидаги фаолиятига муваффақиятлар тиланди.

Тадбирда 1-синфга қабул қилинган 24 нафар болага Президент совғалари топширилди. Мазкур мактабдаги 5-11 синфларда 168 нафар ўқувчи таҳсил олади. Жорий йилда 3 минг 200 нафар болалар орасидан 24 нафари 1-синфларга қабул қилинган.

Тантанали маросимда мактабга энди қадам қўйган ва 1-синфга қабул қилинган болажонларни алоҳида қутлаб, таълимининг инсон ҳаёти давомидаги ўрни ҳақида сўз юритилди. Шундан сўнг қўнғироқ чалинди ва синфларда дарс бошланди. "Мустақиллик дарси"да мустақилликнинг халқимиз ҳаётидаги аҳамияти, тинчликни таъминлаш, мамлакатимизнинг жаҳон миқёсдаги ўрни ҳақида сўз юритилди.

А.Мусаев, ЎзА