Янги йил байрами арафасида юртимизда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўғил-қизлар, “СОС – болалар маҳаллалари”, Гўдаклар уйи, мурувват ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда Ватанимиз тинчлиги йўлида мардларча қурбон бўлган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фарзандлари учун Президент совғалари туҳфа қилиш хайрли анъанага айланган.
Мамлакатимизда Янги йил шукуҳи эсаётган шу кунларда наманганлик болажонларга аталган Президент совғалари Наманган шаҳрига етиб келди. 24 турдаги ўқув қуроллари ва 34 хилдаги ширинликлардан иборат 632 дона совға жажжилар учун шунчаки ҳадя эмас, балки болаликнинг энг ёрқин лаҳзаларини тақдим қилган, беғубор орзу-умидларни ўзида мужассам этган чексиз қувонч дебочасидир.




– Байрам тадбирларини мазмунли ва кўтаринки руҳда ташкиллаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли идоралар билан ҳамкорликда қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. 18 ёшгача бўлган болаларга мўлжалланган Президент совғалари шу йилнинг 25-26-декабрь кунлари вилоятнинг шаҳар ва туманларида бўлиб ўтадиган “Президент арчаси” байрам тадбирларида ўз эгаларига тантанали тарзда топширилади, – дейди Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Наманган вилояти бошқармаси масъул ходими Зулайҳо Зайниддинова.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.