Давлатимиз раҳбари кириш сўзида “Инсон қадри учун” эзгу тамойили асосидаги туб ислоҳотлар Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳар ва тумани, қишлоқ ва овули, ҳар бир хонадонига кириб боришини таъминлаш асосий мақсадлардан бири эканини таъкидлади.
–Мен Президент сифатида 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта мана шу саховатли заминга келиб, бу ердаги оқсоқоллар, тадбиркорлар, ёшлар вакиллари билан кўп-кўп мулоқотлар қилдим.Ушбу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилдик. Ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортди, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик, – деди Президент.
Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминотии 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилгани таъкидланди.
ЎзА